Меҳр ва эъзоз тафти
  • 05 Май 2015

Меҳр ва эъзоз тафти

Истиқлол туфайли кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами янада кенгайди. 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудида кекса авлод вакилларига ғамхўрлик алоҳида намоён бўлмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган 40 нафар фахрийнинг Хива шаҳри ва Беруний туманидаги қадимий обида ҳамда зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилди. Ушбу эзгу ишга “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бош-қош бўлди. Жамғарманинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан 50 нафар уруш ҳамда меҳнат фахрийси Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб қайтди.
— Қўнғирот туманида истиқомат қилувчи 6 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг уй-жойи таъмирдан чиқариб берилди, — дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кенгаши раиси Ш. Уснатдинов. — Бунинг учун 10 миллион сўм сарфланди. Шу кунларда “Кексаларнинг дуосини олайлик” акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир доирасида саёҳатлар уюштириш баробарида, ёши улуғ инсонлар иштирокида спорт мусобақалари ташкил этилаётир. Таълим муассасаларида эса кўпни кўрган нуронийлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бу ёшларимизни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутаётганини ҳам айтиш зарур.
Жиззах вилоятида 100 нафардан ортиқ уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилган 70 нафарга яқин нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медаллари ҳамда пул мукофотларини топшириш тадбирлари ўтказилди. Уруш фахрийларига, шунингдек, юртимизда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги телевизорлар ҳамда телефонлар тарқатилди.
Ҳозирги пайтда Қашқадарё вилоятида 240 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 8716 нафар меҳнат фахрийси истиқомат қилади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 мартда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида воҳада қатор хайрли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, вилоятдаги уруш қатнашчиларига 700 минг сўмлик пул мукофотлари топширилди.
— Кексаларимизга совға-саломлар улашиш, соғлиғини тиклаши учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар, бепул ва имтиёзли нархларда дори-дармонлар ажратиш, тарихий шаҳарлар ва қадамжоларга саёҳатларини уюштириш масалалари доимий эътиборда бўлмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими кенгаши раиси ўринбосари Х. Акбарова. — Фахрийларнинг ҳар бирини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда корхона, муассаса, ташкилот, тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаол қатнашаяпти. Улар ҳудудда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, фронт орти фахрийлари, 100 ёш ва ундан ошган 180 нафар қариянинг хонадонларига бориб, улар ҳолидан хабар олмоқда. Ҳозирги вақтда бу мақсадларга 294,9 миллион сўм сарфланди. Яна бир гапни айтишни истардик. Хотира ва Қадрлаш куни олдидан шаҳарлар, туманлар марказлари, қишлоқлар, қадамжо ва зиёратгоҳларда кенг кўламли ободонлаштириш юмушлари олиб борилмоқда.
Наманган шаҳрининг Сўфизода маҳалласида яшовчи Собиржон ота Мўминов — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Айни чоғда кексалик гаштини сураётган отахоннинг хонадони ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Кеча “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Наманган шаҳар филиали ходимлари отахоннинг ҳовлисига замонавий телевизор билан кириб келишди. Ундан олдин Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Наманган давлат университети вакиллари эсдалик совғаларини топширишганди.
— Бугун вилоятимизда 155 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 5381 нафар фронт орти меҳнат фахрийси истиқомат қилмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими кенгаши раиси ўринбосари Ҳ. Аҳмедова. — Бундан ташқари, Ватан озодлиги, юрт равнақи учун фидойилик кўрсатган марҳум юртдошларимизнинг оилаларидан ҳам мунтазам хабар олиб турибмиз. Ўтганлар ёдини улуғлаш, тирикларга иззат-икром кўрсатиш билан боғлиқ тадбирлар кўлами ниҳоятда кенг, уларда давлат ва жамоат ташкилотлари фаол қатнашмоқда.
Хоразм вилоятида ҳам Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ва 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари асосида эсдалик юбилей медаллари ҳамда пул мукофотлари топширилди. Бундан ташқари, уларга тегишли ташкилотларнинг, ҳомийларнинг совғалари, дори-дармон қутилари, озиқ-овқат маҳсулотлари, сиҳатгоҳларга йўлланмалари берилди. Айни чоғда улар иштирокида корхона ва ташкилотларда, маҳаллалар ҳамда ўқув муассасаларда маънавий-маърифий тадбирлар ва учрашувлар ўтказилмоқда.
— Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фахрийларига доимий иззат-икром кўрсатиш анъанаси изчил давом этмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими кенгаши бош мутахассиси А. Худойберганов. — Шу кунларда вилоятимиздаги 4176 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийсини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилаётир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз барча ҳудудида кекса авлод вакиллари, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига давлатимиз, халқимиз томонидан юксак эътибор ҳамда чексиз ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Зеро, она-Ватанимиз озодлиги йўлида жасорат кўрсатган кекса авлод вакилларининг қадри юксак, ушбу йўлда жонфидо қилганларнинг хотираси порлоқдир.

«Халқ сўзи» мухбирлари
материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn