Ватанга муҳаббат ва садоқат сабоғи
  • 02 Май 2015

Ватанга муҳаббат ва садоқат сабоғи

Кўпни кўрган халқмиз. Элимиз ўзининг узоқ ва яқин ўтмишида саодатли кунлар билан бирга, не-не синову машаққатларни бошдан кечирмаган, дейсиз. Шу боис бугунги тинч ва фаровон, дориламон кунларнинг қадри улуғ, қиммати баланд.

Бинобарин, бугун эришаётган барча ютуқ ва марраларимиз юртимиздаги тинчлик ҳамда осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик туфайлидир. Шундай экан, тинчликни асраб-авайлаш, қадрига етиш, энг муҳими, шукроналик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг чин инсоний бурчимиздир.
Мана шу муқаддас тушунчаларни ёш авлод онгига сингдиришда яқинлашиб келаётган Хотира ва Қадрлаш куни арафасида мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўтказилаётган “Тинчлик дарслари”нинг аҳамияти катта бўлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ишлаб чиқилган услубий тавсия асосида ташкил этилаётган машғулотларда осуда ҳаёт қадри, Ватанга муҳаббат ва садоқат, юрт келажаги ҳамда равнақига дахлдорлик каби мавзуларда сўз бормоқда.
“Жасорат, бурч, матонат” мавзуидаги “Тинчлик дарслари” пойтахт вилоятидаги 870 дан зиёд умумтаълим мактабларида ҳам кўтаринки руҳда ўтаяпти. Дарс ва машғулотларни олиб боришда нафақат таълим муассасаларининг педагогик жамоаси, балки ҳудудий Маънавият тарғибот бўлимлари, Хотин-қизлар қўмиталари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари, шунингдек, эл ардоғидаги ижодкорлар иштирок этаётир. Очиқ дарсларга кўпни кўрган нуронийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари билан бир қаторда, фан, маданият, спорт соҳаларидаги муносиб хизматлари билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келаётганлар ҳам таклиф қилинаётгани учрашув ва мулоқотларга алоҳида мазмун ҳамда самимият бағишламоқда.
— Ишлаб чиқилган махсус ўқув режага асосан, “Тинчлик дарслари”га умумтаълим мактабларининг барча ўқувчилари қамраб олинади,  — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси маънавий-ахлоқий тарбия ва спорт бўлими бош мутахассиси Маҳфуза Ҳалимова. —  Бунинг учун етарли тайёргарлик кўрилди. Ҳар бир педагог ўз машғулотининг ўқувчи онгида чуқур из қолдиришига интилмоқда. Шу мақсадда тинчлик, осойишталикни улуғловчи аудио-видео материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари, шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналаридан кенг ҳамда ўринли фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир муассасада худди шу мавзулар теварагида бошланғич синфлар учун ёзма баёнлар, юқори синфлар учун эса иншолар танлови ўтказилаяпти.
Дарвоқе, Хотира ва Қадрлаш куни байрами муносабати билан айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўқувчи ёшлардан иборат “Мадад ва ғамхўрлик” гуруҳлари ҳам ташкил этилган. Улар ўзлари яшаётган маҳаллалардаги фахрийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳузурида бўлиб, уларга маънавий далда ҳамда мадад бермоқдалар, уй-рўзғор ишларига кўмаклашаётирлар. Оққўрғон, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Қибрай туманлари, Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод шаҳарларидаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказларидаги бадиий тўгараклар аъзолари эса ўзлари ясаган ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий санъат асарларидан намуналар туҳфа этишаяпти. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари аввалдан белгиланган режа асосида уруш ҳамда меҳнат фахрийлари хонадонларида бадиий-мусиқий дастурлар намойиш қилишмоқда.
— Бугунги ёшларга ҳавасим келади, — дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги Бобур маҳалласида яшовчи 102 ёшли Раҳим ота Аҳмедов. — Уларни кўрганимда чин дилдан қувонаман. Бахтиёр болаликнинг биз кўрмаган шукуҳи ва гаштини суриш юртимиздаги тинчлик ҳамда осойишталик туфайли мана шуларга, умримиз давомчиларига насиб этди. “Болаларим, бу неъматларнинг баҳоси йўқ, бундай юртни ҳеч қаердан тополмайсиз, тинчлик қадрига етинг, эл-юртга хизмат қилинг”, деб насиҳат қиламан. Очиғи, шундай дамларда инсон манфаатлари, қадр-қиммати улуғланадиган, айниқса, кўпни кўрган нуронийларнинг жасорати ёшларга ибрат ва намуна қилиб кўрсатиладиган юртда яшаётганингдан қувониб кетасан, киши. Кексаликка хос дарду ташвишлардан ҳам бутунлай фориғ бўласан. Руҳинг енгиллашади, ўзингни тетик ва бардам ҳис қиласан.
...Қуйи чирчиқлик Камоловлар оиласи кечки овқат пайтида одатдагидек бир дастурхон атрофида жамулжам бўлди. Шу тобда телевизорда айрим хорижий давлатларда содир бўлаётган қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар ҳақида лавҳа берилаётганди. Ҳали бошланғич синфда ўқиётган оила вакиласи Зарнигор давра тўрида қўр тўкиб ўтирган хонадон нуронийсига қараб гап бошлади:
— Бувижон, мактабга борганимда Президентимиз менга, ҳамма ўртоқларимга яп-янги сумка, китоб-дафтарлар, ўқув қуроллари совға қилганлар. Олтинчи синфдаги Холисхон опамларга эса чиройли спорт кийимлари беришди. Мана, сиз ҳам санаторийга бепул дам олишга бораман деяпсиз. Бизнинг давлатимиз қандоқ яхши-я.
Зарнигорнинг гапи оилавий гурунгга чўғ ташлади. Бу унинг боягина мактабда ўтилган “Тинчлик дарси”дан олган илк сабоғи эди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn