Хонадонларимиз файзи, ҳаётимиз кўрки
  • 01 Май 2015

Хонадонларимиз файзи, ҳаётимиз кўрки

Нуронийларимизнинг ҳаёт йўллари, пурҳикмат насиҳатлари ёш авлодни ҳамиша яхшилик, эзгулик сари етаклайди. Шу боис ҳар доим пиру бадавлат отахон ва онахонларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишга, уларнинг ҳолидан хабар олишга ошиқамиз.

Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда инсон қадр-қиммати юксалди. Айниқса, кексаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ҳамда ғамхўрлик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугун қайси бир нуроний билан мулоқотда бўлмайлик, ҳозирги дориламон  кунларга шукроналар айтади.
Президентимиз таклифи билан жорий йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ва шу асосда Давлат дастури ишлаб чиқилиб, унда белгиланган муҳим вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани фахрийларимизнинг турмуш даражасини янада ошириб, ижтимоий ҳимоялаш ва саломатликларини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Мазкур Давлат дастури ижроси бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасалар жамоа шартномаларига ушбу корхоналардан пенсияга чиққан кекса авлод вакиллари, айни кунда меҳнат фаолиятини давом эттириб, ўз билим ҳамда тажрибасини ёш мутахассисларга сингдираётган пенсионерларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтирувчи бўлим ва бандлар киритилди. Бу орқали жорий йилда Давлат дастури доирасида 55 минг нафар пенсионерга олдин ишлаб кетган корхона ёки ташкилоти томонидан манзилли ёрдам кўрсатиш, 15 минг нафар пенсия ёшидаги ходимни моддий қўллаб-қувватлаш, 14 минг нафар пенсия ёшидаги ходимни юбилей саналари муносабати билан тақдирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан 23 минг нафар ёлғиз кексалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар ва пенсионерларга ижтимоий кўмак берилаяпти. Уларни дори-дармон воситалари билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, коммунал тўловларини тўлашда ёрдам кўрсатилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилаётган анъанавий “Касаба уюшмалари — фахрийларга” акцияси орқали 2 минг нафар ёлғиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кексаларга бир миллиард  500 миллион сўмлик электр-маиший техника жиҳозлари бепул берилаяпти. Бундан кўзланган мақсад, уларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга муносиб ҳисса қўшишдир.
Тизимдаги 15 та санаторийда “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари” ташкил этилиб, нуронийларнинг кўнгилдагидек дам олиши, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароит муҳайё қилинди. Мазкур бўлимларда фахрийларнинг жисмоний имкониятларини ҳисобга олган ҳолда қўшимча қулайликлар яратилиб, янгитдан таъмирлаш, ёруғлик мосламалари ва навбатчи шифокор билан боғлайдиган алоқа воситаларини ўрнатиш, жаҳон андозалари талабларига мос жиҳозлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилди.
Республикамиз миқёсида 73 минг 690 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси ўзларига мақбул вақтларда санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан соғломлаштирилиши кўзда тутилган. Улардан 10 минг 102 нафари эса касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан бепул даволанадилар. Шунингдек, бунга қўшимча равишда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги санаторийларда айни пайтда меҳнат фаолиятини давом эттираётган 6 минг нафардан зиёд кекса авлод вакиллари, меҳнат фахрийлари бепул соғломлаштирилиши давом этмоқда.
Шу кунларда Давлат дастури доирасида тизимдаги барча санаторий-соғломлаштириш масканларида тиббий-ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида қурилиш, реконструкция ҳамда капитал таъмирлаш ишлари изчиллик билан бажарилаяпти. Хусусан, Тошкент шаҳридаги “Турон”, Жиззах вилоятидаги “Ҳавотоғ”, Фарғона вилоятидаги “Чимён”, Бухоро вилоятидаги “Ситораи Моҳи Хоса”, Наманган вилоятидаги “Косонсой” санаторийларида, шунингдек, Фарғона вилоятидаги “Аҳмад Фарғоний” ва Наманган вилоятидаги “Чодак” дам олиш уйларида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Республика ихтисослаштирилган терапия ва реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказининг Термиз филиалида эса реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Саховат ва Мурувват уйларида яшовчи кишилар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ушбу масканларда истиқомат қилувчилар, имконияти чекланган кексалар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.
Яна шуни ҳам айтиш жоизки, Давлат дастури доирасида 420 нафар кекса ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни  ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари, хусусан, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари, протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш, 1000 нафардан зиёд уруш ва меҳнат фахрийлари учун мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш учун барча имконият ишга солинаётир. Бу эса уларнинг фаровон ҳаёт кечириши, умрларининг узайишига хизмат қилиши, табиий. Зеро, пиру бадавлат отахону онахонларимиз ҳаётимиз файзи ва кўркидир.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn