Мулк эгаларининг манфаати — ҳимояда
  • 01 Май 2015

Мулк эгаларининг манфаати — ҳимояда

Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва хотиржам яшашни таъминлашда мулк суғуртасининг аҳамияти катта. Зеро, суғуртанинг мазкур тури жисмоний ҳамда юридик шахслар мол-мулкига табиий ва бошқа салбий ҳодисалар оқибатида шикаст етказилган тақдирда, уларнинг манфаатларини ҳимоялашга қаратилгандир. Шу боис мамлакатимиз суғурта хизматлари бозорида ушбу йўналишни ривожлантиришга алоҳида  эътибор берилмоқда.

Айни пайтда юртимизда 30 дан ортиқ суғурта компаниялари бу борада фаолият кўрсатаётган бўлса, улар орасида “Кафолат” суғурта компанияси етакчилардан бири ҳисобланади. Мазкур компания томонидан таклиф этилаётган 80 дан зиёд суғурта хизматларининг 25 таси бевосита мулк билан боғлиқ эканлиги бунинг яққол далилидир. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мулкини, транспорт воситалари, шунингдек, лизингга олинаётган, гаровга қўйилаётган, ижарага берилган нотураржойни, таътил даврида эса уй-жойни суғурталаш шулар сирасига киради.
Кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифати яхшиланаётгани туфайли унга бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. Масалан, 2014 йилда биргина мулк суғуртаси бўйича 42 мингдан ортиқ шартномалар тузилиб, 9,5 миллиард сўмдан кўпроқ суғурта мукофотлари олинди. Ўз навбатида, компания томонидан ушбу суғурта тури бўйича келиб тушган 83 та ариза кўриб чиқилиб, улар бўйича 714,3 миллион сўмдан ошиқ суғурта қопламалари тўлаб берилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда компания “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастуридан келиб чиқиб, ёши улуғ, нуроний кишиларнинг суғурта ҳимоясини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратаяпти. Шу мақсадда “Нуроний” ва “Файзли хонадон” деб номланган янги суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилди. Улар кекса ёшдаги фуқаролар учун қулай бўлиб, пасайтирувчи коэффициентларни ўз ичига олган.
— “Файзли хонадон” суғурта полисига, асосан, уй-жойлар ва бошқа иморатларни ҳимоялаш учун ўртача 50 миллион сўмгача суғурталаш суммаси таклиф этилаяпти, — дейди компаниянинг Суғурта хизматларини ривожлантириш ва филиаллар билан ишлаш бошқармаси бош менежери Акромжон Шаробиддинов. — Суғурта мукофоти эса пасайтирувчи коэффициент билан 0,3 фоиздан 0,1 фоизгача туширилиши кўзда тутилган. Яъни 50 миллион сўмлик суғурта хизматларини олиш учун 50 минг сўм миқдорида суғурта мукофотини тўлаш кифоя. Шу маънода айтганда, бу йўналишдаги суғурта тарифлари суғурта бозоридаги ўртача тарифлардан икки баробар арзонроқдир.
Кеча пойтахтимизда “Кафолат” суғурта компанияси томонидан ташкил этилган “Мулк суғуртаси — хотиржамлик гарови” мавзуидаги матбуот анжуманида шулар ҳақида муфассал маълумот берилди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn