Саодатли кунлар шукуҳи
  • 01 Май 2015

Саодатли кунлар шукуҳи

Навоий давлат педагогика институти қошидаги академик лицейда ташкил этилган “Тинчлик” дарсига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидан бир гуруҳи таклиф қилинди. Унда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида кекса авлод вакилларига юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини алоҳида эътироф этдилар. Мулоқот чоғида нуронийлар ёшларга ўзларининг ўтмиш хотираларини сўзлаб бердилар.

— Биз бугун меҳр, иззат-икром оғушида яшаяпмиз, — дейди меҳнат фронти фахрийси Муҳаммад ота Шобердиев. — Яқинда “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирландим. Бундан бошим кўкка етди. Уруш йилларида не-не азоб-уқубатларни кўрмадик. У кунларни унутиб бўлмайди. Ҳозир фарзандларимиз тинч-осойишта ҳаёт кечириб, ўзлари танлаган касб-корни эгалламоқда. Илм олиш, спорт билан шуғулланиш учун барча шарт-шароит яратилган. Бундай саодатли кунларнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш керак.
Учрашувда озод ва обод Ватанимиз, бунёдкор халқимиз, тинчлик ҳамда эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. — Лицейимизда “Матонат”, “Саховат” гуруҳлари ташкил этилган, — дейди мазкур маскан ўқувчиси Шаҳло Ўткирова. — Мен ҳам шу гуруҳ аъзосиман. Тенгдошларим билан бирга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийлари хонадонида бўлиб, уларнинг уй юмушларига кўмаклашдик. Шунингдек, байрам тилаклари битилган мактублар ва эсдалик совғаларини топширдик. 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган бундай тадбирлар Навоий вилоятидаги барча таълим муассасаларида ўтказилмоқда.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Доимо эл ардоғида Ҳунардан ризқ унар »