Маҳаллаларда хайрли ишлар изчил давом этмоқда
  • 29 Апрель 2015

Маҳаллаларда хайрли ишлар изчил давом этмоқда

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг жорий йил биринчи чорак якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Фонд республика бошқаруви масъул ходимлари, ҳудудий бўлимлар раислари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, ушбу давр мобайнида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ва Фонднинг 2015 йилга мўлжалланган иш режаси асосида муайян ишлар амалга оширилди. Айниқса, кексаларни эъзозлаш, уруш қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронлар, кам таъминланган оилаларни моддий, маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 109 нафар 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизорлар билан таъминланди. Айни пайтда Фонд ҳисобидан замонавий телевизорлар тақдим этиладиган 500 нафар уруш қатнашчиси рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, Давлат дастури доирасида республикамиздаги Саховат ва Мурувват уйларида яшовчи кексалар ҳамда ногиронлар 147 миллион сўмлик кийим-кечак, кўрпа-тўшак, шахсий гигиена воситалари билан таъминланди. Шуларга мос равишда 11 минг нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар, пенсионер ҳамда ногиронларнинг 299 минг 560 квадрат метрлик уй-жойлари таъмирдан чиқарилди. “Кексаларнинг дуосини олайлик” шиори остида маҳаллаларда ўтказилган тадбирлар давомида 3460 нафардан ортиқ ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилди.
Давлат дастури доирасида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ташкил этилган тадбирлар аҳамияти ҳам катта бўлгани иштирокчилар томонидан қайд этилди. Мазкур тадбирларда 1230 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси, пенcионер ва ногиронларга уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечаклар берилди. Ўнлаб ногирон ҳамда боқувчисини йўқотган талабаларга ўқув-шартнома пулини тўлашда ёрдам кўрсатилди.
Анжуманда Фонд ҳудудий тузилмалари томонидан ҳамкор ташкилотлар кўмагида маҳаллаларда ўтказилган 80 мингга яқин турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ёшлар тарбиясида алоҳида ўрин тутаётганига урғу берилди. Айни чоғда Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият тарғибот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда жойларда аҳоли ўртасида диний экстремизм, миссионерлик ва ақидапарастликнинг турли кўринишларига барҳам бериш мақсадида давра суҳбатлари ҳамда маърифий тадбирлар ташкил этилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, “Қариси бор уйнинг париси бор” ва “Уч авлод учрашуви” мавзуларида тадбирлар уюштирилмоқда.
Йиғилишда Наврўз байрами арафасида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари кунларида амалга оширилган ишлар кўлами ва уларнинг аҳамияти хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Эътиборлиси, икки кунлик ҳашарда 18,1 миллион нафар юртдошимиз, шу жумладан, 10,7 миллион ёшлар иштирок этди. Улар томонидан 43,7 минг гектар майдон ободонлаштирилди, 27,6 минг километрлик ариқ ва зовурлар тозаланди ҳамда 760 та зиёратгоҳ, 8 минг 837 та қабристон тартибга келтирилди. Маҳаллалар ҳудудига, кўча бўйлари ва ички йўллар атрофида 11,9 миллион донага яқин манзарали, 10,3 миллиондан зиёд мевали, 14,1 миллион дона гул кўчатлари ўтқазилди.
Умумхалқ хайрия ҳашари кунларида эзгулик ва саховат йўналишидаги ишлар янгича суръат олди. Натижада 20 минг 541 оиланинг 523 минг 148 квадрат метрлик уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Қолаверса, 26 минг 398 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Шу мақсадлар учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан 107 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Шу билан бирга, Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйларида истиқомат қилувчи фуқаролар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронларга 139,6 миллион сўмлик мурувват ёрдамлари кўрсатилди.
Умуман, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди иш режасида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида Фонднинг 2 миллиард 515 миллион сўмдан ортиқ маблағи йўналтирилди. Тадбир якунида истиқболдаги вазифалар ижроси юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn