Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик фикри
  • 29 Апрель 2015

Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик фикри

Дунёда ахборот кураши авж олган бугунги мураккаб замонда оммавий ахборот воситалари зиммасидаги масъулият тобора ортиб бормоқда. ОАВ аҳолига нафақат ҳаққоний, холис ва тезкор хабар етказиши, балки жамият аъзоларининг ўз фикрларини, воқеа-ҳодисаларга муносабати ва нуқтаи назарини эркин ифода этишини таъминлашга даъват этилган.

Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам ушбу давр талабидан келиб чиққан ҳолда, изчил ўзгариш ва янгиланишлар кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг фикрлаш ҳамда сўз эркинлиги билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир. Айтиш жоизки, юртимизда оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлайдиган ўндан зиёд қонунлар қабул қилинган бўлиб, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасидаги мавжуд қонунчилик янада такомиллаштирилаяпти.
 “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий қўмитаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида “Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари” мавзуидаги республика доимий илмий-амалий семинари доирасида ўтказилган тадбирда ана шулар хусусида сўз юритилди. Тадбир жамоатчилик фикрини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, мазкур йўналишда олиб борилаётган тадқиқот услублари ва самараларига бағишланди. Унда етакчи социолог олимлар, демографлар, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар, олий ўқув юртлари вакиллари, журналистлар иштирок этди. 
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол қатнашаётир. Айни пайтда республикамизда қарийб 1 минг 400 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатаяпти. Уларнинг салмоқли қисми нодавлат оммавий ахборот воситалари экани фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ушбу институтнинг ролини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир. Тадбирда ОАВ ва жамоатчилик фикри, ОАВ ва жамиятнинг ўзаро таъсирини ўрганишга оид услубий ёндашувлар ҳақида маърузалар тингланди.


Фарида МАҲКАМОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn