Миллий матбаачиликнинг ёрқин истиқболлари
  • 28 Апрель 2015

Миллий матбаачиликнинг ёрқин истиқболлари

Мамлакатимизда миллий оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ҳамда матбаа соҳасининг давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши замирида демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлиги ҳамда ён-атрофда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабатини эркин ифода этиш ҳуқуқини таъминлаш, қолаверса, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш каби эзгу мақсадлар мужассамдир.

Зеро, бугун одамларнинг тезкор ва ҳаққоний ахборотга бўлган талабини қондириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, умуман, жамият тараққиётини жадаллаштиришда мазкур соҳа вакилларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
ОАВнинг ҳаётимизга чуқур кириб бораётгани фуқаролик жамиятининг муҳим шарти ҳисобланган нодавлат ахборот тармоқларининг изчил шакллантирилаётгани, анъанавий маълумот тарқатиш манбалари қаторида интернет тизимининг юқори суръатлар билан ривожланаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Шу боис кейинги йилларда юртимизда матбуот, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа корхоналари фаолияти равнақига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Хусусан, ноширлик ҳамда матбаачилик соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотларга солиқ бўйича берилаётган имтиёз ва енгилликлар, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Бунга мамлакатимизнинг энг йирик матбаа корхоналаридан бири — “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи фаолияти яққол мисол бўла олади.
Ҳозирги кунда 700 нафардан зиёд малакали мутахассис ва ишчилар меҳнат қилаётган мазкур жамоа томонидан 60 дан ортиқ газета ҳамда журналлар, мактаб дарсликлари ва ўқув дафтарлари, турли қоғоз маҳсулотлари чоп этилмоқда. Корхона фаолиятини кенгайтиришда, айниқса, Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлаяпти. Мазкур ҳужжатда асосий саноат тармоқларини диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгиланганки, уларнинг ижроси кутилган самараларни бераётир.
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи 2004 йилда бир қатор ташкилотлар негизида қайта ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида у иқтисодий жиҳатдан юксалди, замонавий техника воситалари билан жиҳозланиб, ишлаб чиқаришга янги технологиялар жорий этилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, юртимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаёти, тарихи ва бугунига доир китоб ҳамда рисолалар, барча турдаги таълим муассасалари учун дарслик ва ўқув қўлланмалари, ўзбек, қорақалпоқ, рус ҳамда бошқа тиллардаги дарсликлар, мактабгача ёшдаги болалар учун бадиий ва ўқув адабиётлари, турли мавзулардаги альбомлар нашр этиб келинмоқда.
Мустақиллик, Наврўз байрамлари ва бошқа қутлуғ саналар, юбилейларга бағишланган китоблар, рисолалар, буклетлар, плакатлар, тақвимлар, қутловномалар ўзбек, инглиз, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман, қорақалпоқ ва бошқа тилларда жаҳон андозаларига мос ҳолда чоп этилаяпти. Жумладан, кейинги йилларда уч тилда тайёрланган Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги, Тошкент шаҳрининг 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши, Самарқанднинг 2750 йиллиги, ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти”, “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуларидаги халқаро конференциялар муносабати билан тайёрланган, шунингдек, ўзбек миниатюра санъатига бағишланган “Замонавий Ўзбекистон миниатюраси” китоб-альбомлари юқори сифати ва дизайни билан замонавий талаблар даражасидаги матбаа маҳсулотлари сифатида эътироф этилди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг нутқ ва маърузалари айнан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида алоҳида рисола шаклида ҳамда тўплам ҳолида нашр этиб келинмоқда. Ҳозиргача ўзбек ва рус тилларида босилаётган ушбу асарларнинг 22 жилди китобхонлар қўлига бориб етди.
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи расмий нашрларни, юридик адабиётларни ҳам чоп этади. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси” кирилл, лотин ёзувларида, рус ва инглиз тилларида, янги таҳрирда оммавий нусхада нашр қилинди.
Миллатимиз обрўси ва шуҳратини намойиш этишга хизмат қилувчи кўплаб нодир китоблар мустақиллик шарофати билан биринчи марта чоп этилиб, халқимиз маънавий мулкига айлантирилмоқда. “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Шарқнинг буюк мутафаккирлари Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк зотларнинг бебаҳо меросидан халқимизни баҳраманд қилувчи ранг-баранг асарлар босилди.
— Бугунги давр ҳар бир соҳада изланиш ва янгиланишни тақозо этади, — дейди “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйининг бош муҳандиси Олимжон Мелиев. — Масалан, газета чоп этиш цехимизга хорижнинг “Starline s 30” русумли босма машиналари, муқовалаш цехига “Horizont”, “Perfecta”, “Aster-180” ип билан тикиш ускуналари ўрнатилгани иш унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, қоғозни кесишдан тортиб, чоп этишгача бўлган барча жараён компьютерлар орқали бошқарилади. Натижада 2014 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми аввалги йилдагига нисбатан 135,2 фоиз ўсишига эришилди. Яқинда Германиянинг “КВА” фирмасидан 8 бўёқли “Rapida 8-105” русумли чоп этиш ускунаси олиб келиниб, ишга туширилгани имкониятларимиз кўламини кенгайтириш баробарида, маҳсулотларимиз сифатини янада яхшилашга хизмат қилади. Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, ушбу китоб ва журналлар чоп этиш ускунаси нафақат республикамиз, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам биринчи бўлиб, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида ишга туширилди.     
Бундан ташқари, корхона жамоаси ёш кадрларни ишга жалб қилиш бўйича ҳам ўзига хос тажрибага эга. Бу борада Чилонзор ва Тошкент матбаа касб-ҳунар коллежлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ушбу ўқув даргоҳларида таҳсил олаётган йигит-қизларга амалиёт ўташлари учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Бу йил 15 нафар битирувчи мавсумий келишув шартномаси асосида, 10 нафар ўқувчи эса доимий ишга қабул қилинди.
— Амалиётни мазкур корхонада ўтагандим, — дейди Тошкент матбаа касб-ҳунар коллежи битирувчиси Нилуфар Хайруллаева. — Ҳозир ушбу жамоа аъзосиман. Бу ерда моҳир матбаачилардан ўз ишимнинг сир-синоатларини пухта ўзлаштириб бораяпман. Корхонамизда касб маҳоратимизни ошириш учун барча шарт-шароит яратилган.
Мазкур жамоа томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида болаларнинг маънавий-маърифий ҳамда жисмоний камолотига хизмат қилувчи “Жисмоний тарбия” дарслиги (1-синф ўқувчилари учун), “Ҳолва емаган бола”, “Фарзандим — дилбандим”, “Ўзбек халқ эртаклари” каби илмий, илмий-оммабоп, ўқув ва ўқув-услубий китоблар чоп этилиб, жажжи муштарийларга ҳавола этилди.
Матбаа уйи муассислигидаги “Гулхан”, “ўунча”, “Тонг юлдузи”, “Класс” сингари газета-журналлар эса болажонларнинг севимли нашрларига айланган.
Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси давр билан ҳамнафас тарзда самарали фаолият кўрсатаётган мамлакатимиздаги етакчи корхоналардан бири. Энг муҳими, унинг маҳсулотлари халқимиз маънавиятини бойитиш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти.


Фазлиддин АБИЛОВ.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn