Ўзбекистон — бахтли инсонлар мамлакати
  • 25 Апрель 2015

Ўзбекистон — бахтли инсонлар мамлакати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган тадқиқот асосида “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” (World Happiness Report) янги рейтинги эълон қилинди. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, ушбу рўйхатда Ўзбекистон 158 мамлакат орасида 44-поғонада, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида эса биринчи ўринда қайд этилган.

Маълумки, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш бугунги замонавий давлатчилик мезонининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Бунда одамлар турмуш шароитини яхшилашнинг ўзигина масалани ҳал қилмайди, балки уларнинг маънавий камолоти учун ҳам қулайлик яратиш лозим.
“Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингини тузишда шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Унда 158 мамлакатда аҳоли фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирларга эътибор қаратилди. Айтиш жоизки, бундан икки йил аввал мазкур тадқиқотчилар тайёрлаган рўйхатда Ўзбекистон 60-ўринни банд этган эди.
Шунинг ўзиёқ мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганининг яна бир халқаро эътирофидир.
Ўз навбатида, рейтингдан ўрин олган айрим давлатларнинг кўрсаткичларини ҳам келтириб ўтсак. Масалан, АҚШ 15, Буюк Британия 21, Япония 46, Жанубий Корея 47-ўринда қайд этилган бўлса, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан Молдова 52, Қозоғистон 54, Литва 56, Беларусь 59, Россия 64, Украина 111, Грузия 130-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистоннинг “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рўйхатида тобора юқори ўринга кўтарилиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, бандликни таъминлаш каби масалаларга давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишлари сифатида аҳамият қаратилаяпти. Шаҳару қишлоқларимиз йилдан-йилга тобора чирой очиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий инфратузилма объектлари, замонавий тураржойлар, таълим муассасалари, спорт комплекслари, йўллар, кўприклар қурилиб, фойдаланишга топширилаётир. Бундай ўзгаришлар одамлар ҳаёт даражасининг янада яхшиланишига, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланишига замин яратаяпти. Энг муҳими, фуқароларимиз Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаб, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишга интилмоқда.
Шу ўринда, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига оид айрим рақамларга тўхталиб ўтсак. Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлисида қайд этилганидек, иқтисодиётимизнинг жадал ва мутаносиб ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ҳажми ўтган йили 23,2 фоиз ошди. Аҳолининг жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар эса 10,2 фоиз кўпайди.
Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
Шу ҳақда сўз юритганда, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининг кескин табақаланиш ҳолати мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш ўринли. Энг кўп ва энг кам даромад оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги кунда 7,8 баробарга тушди. Жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мезони ҳисобланган бу кўрсаткич халқаро меъёрларга кўра, 10 баробар қилиб белгиланган.
Одамларнинг даромадлари ортиши билан оилаларнинг моддий аҳволи ҳам сифат жиҳатдан ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоиздан ортиғи холодильниклар, 84 фоиздан зиёди турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоиздан ортиғи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангюткич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда.
Истиқлол йилларида аҳолининг телевизорлар билан, айниқса, мутлақо янги турдаги — плазма экранли рангли телевизорлар билан таъминланиши 1,6 баробар, енгил автомобиллар билан таъминланиши 3,5 марта ошгани ҳам оилаларимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Бугунги кунда деярли ҳар икки оиладан бири шахсий транспорт воситасига эга ва бу машиналар айнан юртимизда ишлаб чиқарилгани барчамизга мамнуният ва ғурур бағишлайди.
Қисқа вақт ичида ҳаётимизга, деярли ҳар бир оилага энг замонавий мобиль телефонларнинг бир неча янги авлоди, ноутбуклар, тюнерлар, DVD приставкалари, сунъий йўлдош орқали фаолият кўрсатадиган ва кабелли телевидение, духовкали электр печлар, музлаткич камералар, сув иситиш бойлерлари ва бошқа мутлақо янги, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келди. Энг муҳими, ушбу маҳсулотларнинг ҳам аксарияти мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётир.
Фуқароларимизнинг уй-жой шароитлари ҳам тубдан яхшиланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами йил сайин кенгаяяпти. Мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошди. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли Давлат дастурининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Ушбу дастур доирасида 2014 йилда 11 мингта янги тураржой барпо этилди.
Республикамизда бандлик масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилаяпти. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида, масалан, 2014 йилда мамлакатимизда 1 миллионга яқин иш жойлари ташкил этилди. Уларнинг 60 фоизи қишлоқ жойларда яратилгани, айниқса, эътиборлидир.
Бундай рақамларни яна кўплаб келтириш мумкин. Халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаяпти. Асосийси, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик муҳити барча янгиланиш ва муваққиятларда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилаётир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn