Маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми
  • 25 Апрель 2015

Маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми

Халқимизда кекса авлод вакилларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш, бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш эзгу қадрият даражасига кўтарилган.
Айниқса, истиқлол туфайли ушбу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайди.

Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2015 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги, шу йил 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ҳамда яқинда эълон қилинган “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари бунинг яққол тасдиғидир.
Дарҳақиқат, бор куч-ғайрати ва билимини Ватанимиз тараққиёти йўлида сарфлаган, эндиликда кексалик гаштини сураётган нуронийлар халқимиз ва давлатимиз ардоғида. Уларга давлат бюджети ҳисобидан пенсия ҳамда нафақалар ўз вақтида тўланаётгани,  янгидан-янги қулайликлар яратиб берилаётгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.
Шу ўринда дунёдаги камдан-кам мамлакатда давлат томонидан пенсия учун ажратиладиган маблағ миқдори ўртача ойликнинг 41 фоизидан зиёдни ташкил этишини таъкидлаш жоиз. Ёши улуғ инсонларга нодавлат ташкилотлар, ижтимоий тузилмалар томонидан ҳам моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётир.
— Нуронийларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар Кексаларни эъзозлаш йилида янги босқичга кўтарилганини алоҳида айтиш ўринли, — дейди “Нуроний” жамғармаси марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Усмонов. — Хусусан, бу йилги Давлат дастурида ёши улуғ инсонларни, аввало, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизмат даражаси ҳамда сифатини ошириш, муҳтожларни ёрдамчи, реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, туманлар ва маҳаллаларда қариялар учун мулоқот марказлари, уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, турли клублар ташкил этиш, жисмоний тарбия ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган бўлиб, бу борадаги эзгу ишлар аллақачон бошланиб кетган. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 апрелдаги Фармони эса юртимиздаги ҳар бир ёши улуғ инсонга катта туҳфа бўлди. Хусусан, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаш белгиланиши кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди.
Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда жамғармамиз томонидан Давлат дастури ва Президентимиз фармонларидан келиб чиққан ҳолда, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, нуронийлар ҳолидан хабар олиш баробарида, уларга турли моддий ёрдамлар берилмоқда. Шу кунларда эса 9 май — Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш ҳамда уруш ва меҳнат фахрийларини муносиб рағбатлантириш чоралари устида ишлаяпмиз.
Мамлакатимиз тараққиётида, бугун қўлга киритилаётган ютуқларда, шубҳасиз, қарияларнинг ҳиссаси катта. Уларнинг мусаффо осмонимизни асраш, бало ва офатларни остонамизга йўлатмаслик, она-юртни фашизмдан ҳимоя қилишда қандай жасорат кўрсатгани, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшгани, юртни тиклаш, унинг ҳарбий, иқтисодий ва маданий-маънавий салоҳиятини оширишдаги фидойилиги, айниқса, ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Нуронийлар бугун иззат-икромда, дориламон кунларимиздан рози ҳолда, бахтиёр ҳаёт кечирмоқдалар.
— Ёши улуғ инсонларга бошқа жойларда биздагидек ғамхўрлик кўрсатилмаса керак, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қўчқор ота Хоназаров. —  Айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларига бўлган юксак эътибор умримизга умр қўшмоқда. Мана, қаранг, кейинги ойларда Юртбошимизнинг бир қанча фармонлари эълон қилинди. 100 ёшга тўлган ва ундан ошган кишиларга муносиб эътибор қаратиш, қолаверса, пенсионерлар, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган Фармонни айтмайсизми?!  Бундай эъзоздан биз, нуронийлар беҳад миннатдормиз. Ана шу хайрли ишларга бош-қош бўлиб турганлар бахтимизга доимо омон бўлсин!
Умуман, юртимизда кекса авлоднинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди. Зеро, уларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn