Мардлик ва шижоат тимсоли
  • 25 Апрель 2015

Мардлик ва шижоат тимсоли

Истиқлол йилларида ўзининг фидокорона меҳнати билан Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни рағбатлантиришга қаратилган, тарихий анъаналаримиз, қадриятларимиз, орзу-интилишларимиз ҳамда порлоқ истиқболимиз ифодаланган Давлат мукофотлари ва унвонлари таъсис этилди.

Ана шундай юксак орденлардан бири соҳибқирон Амир Темур номи билан аталадики, бу  бежиз эмас, албатта. Зеро, Амир Темур халқимизнинг фахру ғуруридир. Буюк аждодимиз нафақат Ватанимиз ва миллий давлатчилигимиз, балки дунё тарихида ўз ўрни, мавқеи ва салоҳиятига эга мўътабар зотлардан бири саналади. Унинг ҳаёти ва фаолияти, бой мероси халқимизнинг сиёсий-ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Амир Темур ордени 1996 йилда Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланган қутлуғ сана арафасида Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилди. Пировардида бу бетакрор тимсол юртимизда тарихий анъналаримиз, эзгу қадриятларимиз қайта тикланаётганининг яна бир далили бўлди.
Орден саккиз қиррали бўртма юлдуз шаклида бўлиб, унинг марказида Амир Темурнинг от устидаги салобатли қиёфаси акс этган. Тасвир остида “Куч — адолатда” сўзлари битилган.
Амир Темур ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлатчилигимизни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан, ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотланади. Шунингдек, ушбу юксак мукофот билан давлатлараро ҳамкорликни, тинчлик ҳамда халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ишига алоҳида ҳисса қўшган мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади. “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар билан бир қаторда, айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, шу билан бирга, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам тақдирланиши мумкинлиги қайд этилган.
Шунга кўра, 1996 йилнинг 28 августида бобокалонимизнинг қутлуғ юбилейи арафасида Президентимиз Фармонига биноан, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари Амир Темур ордени билан мукофотланди. Ўтган йили ушбу юксак орден билан тақдирланган шаҳарларимиз сони яна биттага кўпайди. Яъни 2014 йилнинг 22 август куни давлатимиз раҳбарининг Фармонига биноан, Термиз шаҳри ҳам ана шундай шарафга лойиқ кўрилди. Ўша йилнинг 28 ноябрь куни эса Термиз шаҳрида ана шу юксак мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросим бўлди.
Мустақиллик шарофати билан ушбу шаҳарлар ўзгача тароват касб этганини қайд этиш жоиз. Тарихий обидалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас қадамжолари қайтадан таъмирланди, ободонлаштирилиб, кўркам зиёратгоҳларга айлантирилди. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида бобокалонимизнинг улуғвор ҳайкали қад ростлаши ҳам буюк аждодимиз хотирасини эъзозлаш йўлида олиб борилган хайрли ишлар сирасидандир.
2004 йилнинг 13 июль куни ўзбек ўғлони Рустам Қосимжонов юртимиз тарихида илк бор шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Истеъдодли спортчимизнинг улкан ғалабаси Юртбошимиз томонидан муносиб эътироф этилди. У Амир Темур ордени билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда Амир Темур орденининг жорий этилиши юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг улуғ аждодимизга хос оқиллик ва одиллик, мардлик, қатъият, хайру саховат, меҳр-мурувват каби етук фазилатлар соҳиби бўлиб тарбияланишига хизмат қилади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn