Экобоғлар кўпаймоқда
  • 25 Апрель 2015

Экобоғлар кўпаймоқда

Ўзбекистон экологик ҳаракати ташаббуси билан “SOS — болалар шаҳарчаси”да “Она еримизни сақлаймиз — келажак учун” мавзуида амалий акция ўтказилди.

Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзда тутилган мақсад ёш авлоднинг экологик маданиятини юксалтириш, уларни она-табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, юртимизда олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламазорлаштириш ишларига ёшларни кенг жалб қилишдан иборатдир.
Қайд этилдики, Сайёрамизда мўътадил экологик ҳолатни сақлаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда, айниқса, ўсимлик дунёсининг ўрни беқиёс. Чунки наботот олами тупроқни турли кимёвий бирикма ва заҳарли газлардан тозалаш, атмосферани кислород билан тўйинтиришда фаол иштирок этади. Шу боис ҳам, Экоҳаракат ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида экобоғлар барпо этилмоқда. Бугунги кунгача умумий майдони 97 гектардан ортиқ 30 га яқин ана шундай боғлар яратилгани диққатга сазовордир.
Экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга хизмат қиладиган бундай эзгу ишларга ёшлар ҳам кенг жалб этилаяпти. Хусусан, акция доирасида “SOS — болалар шаҳарчаси” ҳудудида ўғил-қизлар томонидан 100 турдан зиёд мевали, шунча туп манзарали дарахт ва буталар ўтқазилиб, яна бир сўлим боғ барпо этилди. 

С. РАҲМОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Осуда ҳаёт қадри Меҳр истаб, сизни топдим... »