Фуқаролик жамияти ривожининг ёрқин ифодаси
  • 25 Апрель 2015

Фуқаролик жамияти ривожининг ёрқин ифодаси

Пойтахтимизда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг сифат ва миқдор ўзгаришлари” мавзуидаги йиллик конференцияси бўлиб ўтди.

Кенг жамоатчилик ҳамда хорижлик экспертларни мазкур институтнинг ўтган йилдаги фаолияти билан таништириш, шунингдек, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама этиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда парламент аъзолари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, етакчи илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, хорижий ҳамда халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, институт таъсисчилари Кенгаши аъзолари ва журналистлар қатнашди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Олий Мажлис томонидан 2010 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси учинчи сектор тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Бу соҳада қабул қилинган ўнга яқин қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш каби энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фуқаролик институтларининг роли ҳамда аҳамиятини янада кучайтирди. Айниқса, жамоатчилик назоратига оид конституциявий норманинг ҳаётга татбиқ қилиниши кучли ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Анжуманда қайд этилганидек, 2014 йилда ҳукумат қарори билан нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш тартиби янада либераллаштирилди. Пировардида адлия органларида рўйхатдан ўтаётган ННТ сонида барқарор ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда ва улар ҳозирги кунда саккиз минг икки юзтадан ошди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан олиб борилган мониторинг тадқиқотлари натижаси фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократлаштиришдаги роли ва аҳамияти ортганлигини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, бугун фуқаролик институтлари юртимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш давлат ва ҳудудий дастурларини амалга оширишда улар, айниқса, фидойилик кўрсатмоқда. Хусусан, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган кўплаб вазифаларни рўёбга чиқаришда республика миқёсида 27 та ҳамда 370 дан ортиқ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари қатнашгани бунинг яққол тасдиғидир. Мамлакатимиз ва хорижлик экспертларнинг қайд этишича, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирди.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг, жумладан, ҳудудий матбуот нашрларининг жойлардаги долзарб муаммоларни ёритиш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли тобора ўсиб бормоқда. Хусусан, институт томонидан вилоят, шаҳар ва туманларнинг 370 дан ортиқ газеталари фаолиятини ўрганиш шуни кўрсатдики, маҳаллий матбуотда таҳлилий ва танқидий йўналишдаги материаллар сони ҳамда сифати сезиларли даражада ошаётир. Яъни 2012 йилда матбуотда қарийб 700 та танқидий-таҳлилий материал чоп этилган бўлса, 2013 йилда ушбу кўрсаткич қарийб 2 минг 200 тани, 2014 йилда эса икки ярим мингга яқинни ташкил қилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, ҳудудий газеталарда чоп этилган танқидий-таҳлилий материалларда кўтарилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг масъулияти ҳам ортмоқда. Энг муҳими, танқидий материалларнинг мутлақ кўпчилигига давлат ҳокимияти идоралари муносабат билдириб, кўтарилган муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишаётир, қолаверса, жамоатчилик назоратининг ушбу шаклига доимий эътибор қаратиб келишмоқда. Бунда, айниқса, ўтган йили кучга кирган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, мазкур ҳуқуқий ҳужжат дaвлaт ҳoкимияти oргaнлaри фaoлияти ҳaқидa кенг жамоатчилик доимий хабардор бўлиб боришини, давлат ҳамда жамият ўртасида очиқ ва амалий мулоқот ўрнатилишида ОАВнинг роли ошишини таъминлаётир.
Сиёсий партиялар фаолиятининг таҳлили эса уларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги роли тобора ортиб бораётганини кўрсатаяпти. Хусусан, ҳудудий вакиллик органларида партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш, жойларда қонунлар ва давлатнинг бошқа қарорлари ижросини назорат қилиш ташаббусларини илгари суришдаги фаоллиги ўсиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги сиёсий партиялар гуруҳлари депутатлик сўрови имкониятларидан ҳам кенг фойдаланаётир. Ўтган йили турли даражадаги давлат идораларига бир минг 600 га яқин депутатлик сўрови юборилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Конференцияда қайд этилганидек, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари парламент сайлови кампаниясида ҳам фаол қатнашди. Хусусан, сайловчиларга, сайлов жараёни иштирокчиларига сайлов қонунчилигининг асосий қоидаларини тушунтириш, электорат маданиятини юксалтириш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни норматив-услубий жиҳатдан таъминланди.
Анжуманда сўз олганлар фуқаролар, айниқса, ёшларнинг юксак сиёсий онги ва маданияти демократик давлат қуриш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланишини, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, айниқса, сайлов кампаниясида ёшларимизнинг фаол иштироки уларнинг ҳуқуқий маданияти ва етуклиги юксалиб бораётганидан далолат беришини қайд этди. Шу билан бирга, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолияти, тизимда иш олиб бораётган маҳалла фаолларининг билим ҳамда кўникмаларини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳам таҳлил этилди.
Умуман, конференция кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича очиқ ва амалий мулоқот бўлиб ўтди. Халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари вакиллари ҳам ўзларининг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзаро тажриба алмашдилар.
— Мазкур конференция бажарилган ишларни таҳлил қилиш, истиқболдаги устувор йўналишларни, вазифаларни белгилаб олиш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳимдир, — деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Дьерд Сабо. — Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари эркин ривожланиши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари равнақига, аввало, улар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилаётганига катта аҳамият қаратилмоқда.
— Биз Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз, — деди Миллий демократик институт (АҚШ) вакили Эрика Брэт. — Мамлакатингизда нодавлат нотижорат ташкилотлари сони ва сифати жадал ўсиб бораётганини, ижтимоий шерикликнинг қонун билан мустаҳкамланганини инобатга олган ҳолда, биз ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш тарафдоримиз. Бунда республиканинг турли ҳудудларида аниқ вазифаларни ҳал қилаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти эътиборга моликдир.
— Ўзбекистон улкан имкониятлар, истеъдодлар мамлакати, — деди “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти (Словения)нинг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Мьюша Север. — Юртингизда фуқаролик жамияти ривожланишида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, жамоатчилик назорати институтининг конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилиши муҳим қадам бўлди. Бинобарин, ушбу институт фуқаролик жамияти сифат жиҳатдан ривожланаётганини, юксалаётганини намоён қилмоқда. Ташкилотимиз Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган. Истиқболда бу алоқалар янада кенгайишига ишончимиз комил.
Йиллик конференцияда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти олдида турган вазифаларни бажаришда ҳали ишга солинмаган имкониятларга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Конференция якунлари асосида фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократик янгилаш ҳамда модернизациялаш жараёнидаги ролини янада оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn