Фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг муҳим омили
  • 24 Апрель 2015

Фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг муҳим омили

Пойтахтимизда “Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда касаба уюшмаларининг роли: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти иштирокида уюштирилган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, хорижий касаба уюшма марказлари вакиллари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари, Германия, Франция, Дания, Литва, Молдова, Хитой каби давлатлардан экспертлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Анжуманда сўз олганлар Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакат Президенти томонидан ишлаб чиқилган ҳамда демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг беш тамойили асосида ҳаётга босқичма-босқич татбиқ қилинаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш борасида кўзланган самарани бераётганини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ходимлар ҳамда улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, қулай ҳамда хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Конференция иштирокчилари, айниқса, жаҳонда молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий оқибатлари ҳали-ҳануз кузатилаётган ҳозирги шароитда Ўзбекистонда кучли ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб борилаётганини, шу билан бирга, иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан тараққий этишига эришилаётганини алоҳида эътироф этдилар. Юртимизда кейинги йилларда Давлат бюджети харажатларининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ходимларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани бунинг яққол мисолидир.
Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ва фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари халқаро стандартларга тўла мослиги, кўплаб масалаларда эса улардан ҳам ортиқ устунликка эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Фуқароларнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга йўналтирилган миллий қонунчилик тизими яратилгани, хусусан, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолияти кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасидаги жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар, халқаро меъёрларга тўла мос келадиган Меҳнат кодекси, Халқаро меҳнат ташкилотининг 13 та Конвенцияси мамлакатни демократик янгилаш жараёнида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда мамлакат касаба уюшмалари ўзига хос ўрин тутади. Ўз сафларида 6 миллиондан ортиқ аъзони 14 та тармоқ касаба уюшмаларига бирлаштирган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фаолиятнинг мазкур устувор йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг муносиб меҳнат концепцияси амалга оширилиши бўйича амалий натижаларга эришилаяпти.
Айни чоғда Ўзбекистон Ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014 — 2016 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув орқали юртимизда 90 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 100 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Барча жамоа-шартномавий ҳужжатларда муносиб меҳнатнинг расмий бандликка кўмаклашиш, муносиб иш ҳақи тўлаш, меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлиги, ходимларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси, хотин-қизлар ва ёшлар учун имтиёзлар, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига риоя этиш каби таркибий қисмлари аниқ белгилаб берилган.
Тармоқ ва ҳудудий келишувлар, жамоа шартномаларида бандликни таъминлашга кўмаклашиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларга қўшимча имтиёзлар бериш, даромадларини ошириш борасида алоҳида имконият ва кафолатлар ўрнатилган. Шунингдек, мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот натижасида ходимларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш имкониятлари кенгайиб, меҳнат соҳасида жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда.
Анжуманда халқаро ташкилотлар ва хорижий касаба уюшма марказлари вакиллари, халқаро экспертлар фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳоладилар.
— Юртингизда халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг гувоҳи бўлдик, — дейди Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котибининг биринчи ўринбосари Яап Винен. — Ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, саломатлиги ҳақида қайғуриш — буларнинг барчаси бизнинг умумий мақсадларимиздир. Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётгани қувонарлидир. Халқаро конференциядаги иштирокимиз доирасида юртингиздаги бир қатор корхона ва ташкилотларнинг касаба уюшма қўмиталари фаолияти билан танишдик. Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги “Максам-Чирчиқ” қўшма корхонасида ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, мазкур жараёнга касаба уюшмаси ва иш берувчининг ўта масъулият билан ёндашишини юксак баҳолаш мумкин. Мазкур корхонада яратилган меҳнат шароитлари муносиб меҳнат элементларига тўла мосдир. Бу — корхонада касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шерикликнинг натижасидир. Шу билан бирга, жамоа шартномаси орқали ходимларнинг ижтимоий ҳимояси юксак даражада амалга оширилмоқда ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бевосита конференция ҳақида айтмоқчиманки, у юқори савияда ўтди. Кўпгина долзарб масалалар ошкора муҳокама этилди. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳонга очиқлиги ва халқаро мулоқот фаол олиб борилаётганлигига ёрқин мисолдир.
— Ўзбекистон ҳукумати, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган ижтимоий мулоқот ижтимоий соҳадаги барча масалаларни ижобий ҳамда самарали ҳал этиш имконини бераётгани эътирофга лойиқ, — дейди Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Вольфганг Люттербах. — “Уч томонлама ижтимоий мулоқотни ривожлантириш бўйича Халқаро меҳнат ташкилотининг тавсиялари” мавзуидаги маърузамда мен бугунги кунда Ўзбекистонда касаба уюшмалари, давлат ва иш берувчилар ўртасида уч томонлама ижтимоий мулоқот мавжудлигини таъкидладим. Шу аснода эътироф этиш жоизки, ҳамкорлар ўртасида ижтимоий ҳимояни ташкиллаштириш, ижтимоий таъминотни ва қулай меҳнат шароитларини яратиш каби масалалар бўйича қоидалар аниқ белгиланган. Барча томонлар жамоавий музокараларнинг аҳамиятини, уларсиз иқтисодий тараққиётни тасаввур қилиб бўлмаслигини яхши тушунишади. Яқинда мен Тошкентдаги заводлардан бирида бўлдим ва у ерда касаба уюшма қўмитаси ҳамда иш берувчи ўртасида имзоланган жамоа шартномасининг ходимлар таниша оладиган стендга илиб қўйилганлигини кўрдим. Бу нафақат шаффофлик, балки жуда ижобий тажриба, деб ҳисоблайман. Чунки ҳар бир ходим ўзининг меҳнат ва дам олиш ҳуқуқларини билиб олиши учун шароит яратилган.
Конференция ўз ишини “Меҳнат соҳасидаги асос солувчи ҳуқуқларни амалга ошириш мақсадида миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш”, “Қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояни кенгайтириш”, “Муносиб бандлик ва даромадлар олиш имкониятларини кенгайтириш”, “Муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлар кафолатларини таъминлаш соҳасида жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик” мавзуларида секцияларга бўлинган ҳолда давом эттирди.
Муҳокама жараёнида иштирокчилар мамлакатимизда фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тўпланган тажрибани, касаба уюшмаларининг бу борадаги фаолияти самарадорлигини юқори баҳоладилар. Анжуман якунида фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича Ўзбекистон тажрибаси, касаба уюшмалари ва ҳамкор ташкилотларнинг бу борадаги ишларини янада такомиллаштиришга оид масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn