Инсон ҳуқуқларига оид китоб тақдимоти
  • 22 Апрель 2015

Инсон ҳуқуқларига оид китоб тақдимоти

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчилик қоидалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги миллий маърузалар тайёрланиб, халқаро шартномавий органларга тақдим этиб келинаяпти. Айни чоғда кўплаб Миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этилди ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича 100 дан ортиқ қонун лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Инсон ҳуқуқларига оид икки мингдан зиёд турли адабиётлар нашрдан чиқарилиб, ўқув муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, давлат ва нодавлат ташкилотларига етказиб берилди. Бунинг барчаси аҳолининг инсон ҳуқуқларига доир билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари” номли китоб тақдимотига бағишлаб ташкил этилган тадбирда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, педагоглар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мазкур қўлланма инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид миллий ҳамда халқаро даражадаги барча янгиликларни қамраб олган. Китоб Миллий марказ ва Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей жамоаси саъй-ҳаракати билан яратилди. 
— Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан доимий ҳамкорлик қилиб келамиз, — дейди қўлланма муаллифи, Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей ўқитувчиси М. Очилова. —  Бу услубий қўлланма ана шу ҳамкорлик натижасидир. Китоб нафақат лицей ва коллежлар ўқувчиларига, шунингдек, барча фуқароларга мўлжалланган. Шу маънода, бу тўплам аҳолининг, хусусан, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир билимларини янада мустаҳкамлаш, пировардида мамлакатимизда қонун устувор бўлган кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn