Фаровон ҳаёт сурури
  • 22 Апрель 2015

Фаровон ҳаёт сурури

Навоий вилоятида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фронти фахрийларига “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофотларини тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирларни ташкил этишда Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ва 2015 йил 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Ўз навбатида, вилоят ҳудудидаги Хотира майдонлари, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилаяпти. Таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви”, “Фахрийлар эъзозда”, “Тинчлик — улуғ неъмат” каби маънавий-маърифий тадбирларда ёшлар фаол қатнашмоқда.
— Иккинчи жаҳон урушида юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, бугунги тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз йўлида фидойилик қилган юртдошларимиз халқимиз ҳамда давлатимизнинг доимий эътиборида, — дейди Республика “Нуроний” жамғармасининг Навоий вилояти бўлими раиси Жалил Норов. — Шу кунларда вилоятимиздаги 441 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва меҳнат фронти фахрийсига эсдалик юбилей медаллари ҳамда пул мукофотларини тантанали равишда топшириш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Чунончи, Хатирчи туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Ҳамро ота Пирбоевнинг хонадонида бўлиб, Президентимиз номидан мукофот ҳамда совғаларни тақдим этдик.
— Тинч ва осойишта юртда яшаётганимдан бахтиёрман ва бунинг учун доимо шукроналар айтаман, — дейди Ҳамро ота. — Урушнинг номи ўчсин. Бу бало ҳеч қачон ҳеч кимга яхшиликлар олиб келмаган. Ҳар тонг “Мусаффо осмонимизга кўз тегмасин, юртимиз дунё тургунча турсин, фарзандларимиз камолга етиб, мамлакатимиз номини янада улуғлашга хизмат қилишсин”, дея дуо қиламан. Бизга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn