Амалий ишлар, эзгу саъй-ҳаракатлар самараси хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорини рўёбга чиқаришда яққол намоён бўлмоқда
  • 21 Апрель 2015

Амалий ишлар, эзгу саъй-ҳаракатлар самараси хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорини рўёбга чиқаришда яққол намоён бўлмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик янгиланишларда хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда. Бунда, шубҳасиз, ҳудудларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ташкилотларининг ҳам муносиб улуши бор.

Жумладан, Сурхондарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини бажариш, аҳоли, чунончи, аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, уларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётир.
Айни пайтда вилоятимиздаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида 712 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи оилаларда ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлод, айниқса, қизларнинг онгу шуурини ҳаёт тарзимиз, менталитетимизга зид бўлган зарарли ғоялардан ишончли ҳимоя қилиш бўйича мунтазам иш олиб бораяпти. Бунда Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда оилада, давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ўрни ҳамда ролини ошириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза этишни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ҳаётда уларнинг тўлақонли иштирокини таъминлаш мақсадида аёллар меҳнат қилаётган бошқарма, корхона, идора, ташкилотларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, таълим муассасаларида 2 минг 714 та бошланғич хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилган. Улар жойларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга йўналтиришга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам олиб боришаяпти. Ўтган йили ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган 5 та кўрик-танлов, 471 семинар-тренинг, 3900 дан зиёд мулоқот ва 2800 дан ортиқ давра суҳбатлари бунинг яққол далилидир.
Ҳудудимизда хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарасида 2014 йилда тижорат банклари томонидан 55 млрд. 556 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. 2015 йилнинг ўтган даври давомида 800 нафардан зиёд аёлларга 13,9 млрд. сўмлик кредитлар берилиб, мингдан ортиқ иш жойлари яратилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касаначилик шаклларини кенгайтириш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш, қишлоқ аёлларининг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Масалан, ўтган йили аёллар учун 32 минг 760 та янги иш ўрни яратилди. Олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, уй бекаларининг аксарияти қорамол кўпайтириш ва паррандачилик билан шуғулланмоқда, иссиқхонада цитрус мевалар, эртаки сабзавот маҳсулотлари етиштириш, тикувчилик ҳамда миллий ҳунармандчиликни йўлга қўйиб, оила бюджетига, юртимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшаяпти. 
Шу ўринда қўмитамиз қошида касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар бандлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи самарали фаолият олиб бораётганини қайд этиш жоиз. Улар кўмагида вилоят “Микрокредитбанк” АТБ билан ҳамкорликда 2014 йилда Узун, Олтинсой, Денов туманлари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 60 нафарига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Иқтисодий тараққиётда хотин-қизларнинг ўрни масалаларига бағишлаб ўтказилган ўқув-семинарлар ўз тадбиркорлигини бошлаётган хотин-қизлар учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур тадбирларда иштирок этган аёлларнинг 25,5 фоизи бугунги кунда ўз бизнесини йўлга қўйган.
Бундан ташқари, қўмитамиз ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Чунончи, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Мамлакатнинг чекка ҳудудларида ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, болаларнинг, айниқса, қиз болаларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрини уйғотиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш” танловида ўз лойиҳамиз билан иштирок этиб, ғолиб бўлдик. “Миллий қадриятлар — буюк келажак пойдевори” лойиҳаси доирасида Термиз тумани ва Термиз шаҳридан 375 нафар йигит-қиз ўқитилиб, улар орқали ёшлар ҳамда аёллар ўртасида юксак маънавият ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Умуман айтганда, вилоятда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш юзасидан қилинаётган ишлар кўлами кенг ва истиқболда бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кенгайтиришимиз мақсадга мувофиқ. Зеро, хотин-қизлар меҳнат қилаётган барча корхонада улар учун қулай, хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш — фаолиятимизнинг асосий мезони. 

Мавлуда ҚОБУЛОВА,
Сурхондарё вилояти
хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn