Буюк аждодларга муносиб авлод
  • 21 Апрель 2015

Буюк аждодларга муносиб авлод

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук, она-Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида ҳамда юксак маънавиятли этиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Ҳаётга изчиллик билан татбиқ қилинаётган ана шундай ислоҳотлар натижасида ўғил-қизларимиз илм-фан, санъат, спорт, умуман, барча соҳада ўз иқтидорларини намоён этиб келишаётир. Албатта, бу борада “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида ўз ифодасини топган вазифа ва талабларнинг алоҳида ўрни бор.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эртамиз эгаларининг пухта билим олиши, ўз истеъдодини тўла намоён этиши, бошқача айтганда, жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтирди.
Ўзбекистонда 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури эса, шубҳасиз, бу борадаги саъй-ҳаракатларни навбатдаги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган “Буюк аждодларга муносиб авлод бўлайлик” мавзуидаги тадбирда ана шу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.
Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилган анжуманда тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, маданият ҳамда санъат намояндалари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Шу куни бир гуруҳ иқтидорли ёшлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Таъкидланганидек, бугун ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан равнақ топаяпти. Бу эса, ўз ўрнида, замонавий фикрлайдиган, юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрлар тайёрлашни талаб этмоқда. Қувонарлиси, жаҳон ҳамжамияти тан олган миллий таълим тизимимиз самараси ўлароқ, юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган янги авлод шаклланди. Улар бугун ҳавас қилса арзигулик марраларни қўлга киритишаяпти.
— Бугун бир гуруҳ тенгқурларим қаторида тақдирланганимдан жуда хурсандман, — дейди Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаси, халқаро танловлар ғолиби Олимжон Тўйчиев. — Бундай эътибор бизни доимо изланишга ундайди. Шу ўринда айтиш жоизки, таълим муассасамизда халқаро андозалар асосида билим олишимиз учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эса фан ва техника ютуқларини пухта эгаллашимизда муҳим омил бўлаётир. Махсус лабораторияларда двигатель конструкциялари ва технологияларини, деталларни лойиҳалаштиришни ўзлаштириб, мехатроника марказида янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Масалан, мен устозларим кўмагида ўзиюрар робот ясашга муваффақ бўлдим. Бундан бошқа ғоя ва режаларим ҳам кўп. Келгусида иқтисодиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшсам, дейман.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn