Дориламон кунлар шукронаси
  • 18 Апрель 2015

Дориламон кунлар шукронаси

Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонларига асосан, шу кунларда Самарқанд вилоятида ҳам уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси вакиллари фахрийлар хонадонига бориб, уларни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги билан табриклашаяпти.
Хусусан, Оқдарё туманининг Алишер Навоий номидаги ва Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи Абдулла бобо Қосимов ҳамда Жумабой Давлатовга эсдалик юбилей медаллари байрамона тарзда тақдим этилди.
— Давлатимиз томонидан биз, кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан беҳад мамнунмиз, — дейди 96 ёшли Абдулла бобо. — Хонадонимизга вилоят ҳокимлигидан бир гуруҳ вакиллар келиб, совғаларни топширишганида жуда хурсанд бўлдим. Улар билан суҳбатлашиб, руҳим тетиклашди. Илоҳим, бизни қадрлаган, улуғлаган инсонларнинг ўзлари ҳам шу ёшларга кириб, доимо элимиз ардоғида бўлсинлар.
Дунёда тинчликдан улуғ, хотиржамликдан азиз неъмат йўқ. Шундай дориламон кунларга етказгани, озод ва обод юртда яшаш насиб этгани учун доим шукронадаман.
Абдулла Қосимов Иккинчи жаҳон урушининг азобу қийинчиликларини бошдан ўтказган. Узоқ йиллар туманда турли соҳаларда ишлади, ҳалол меҳнати билан қадр топди. Умр йўлдоши Марям момо билан 11 нафар ўғил-қизни вояга етказди, эл-юрт қаторига қўшди. Бугун улар 60 невара, 8 эвара, 70 чевара қуршовида кексалик гаштини сурмоқда.
— Ёшим 97 да, — дейди Жумабой бобо Давлатов. — Бошимиздан не савдолар кечмади. Уруш, ундан кейинги очарчилик, оғир меҳнат умримнинг энг навқирон даврини олиб кетди. Бугунги тинч ва осуда, фаровон ҳаётимизнинг қадри бўлакча. Кечаги кунлар билан солиштириб бўлмайди. Фарзандларимнинг, невараю чевараларимнинг бахтидан суюнаман. Бизлар тирикчилик ҳамда яшаш ғамидан бошқа нарсаларни ўйлашга вақт тополмаганмиз. Бугунгидай инсон қадр-қимматининг эътирофига гувоҳ бўлмаганмиз. Президентимиз бу йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлашининг ўзи биз, фахрийлар учун энг олий мукофот бўлди. Илоҳим, озод ва обод юртимиз абадий бўлсин!
Таъкидлаш лозимки, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда бир марталик пул мукофотларини тантанали тарзда топшириш маросимлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом этмоқда.  Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийларига касаба уюшмалари, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳам эсдалик совғалари, сиҳатгоҳларга йўлланма, ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа протез-ортопедия воситалари берилаяпти.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёши улуғ кишиларни қадрлашга қаратилган эзгу ташаббуслар ифодасидир.

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn