Эзгуликнинг тасвирий ифодаси
  • 18 Апрель 2015

Эзгуликнинг тасвирий ифодаси

Ҳар биримиз деярли ҳар куни шаҳар ёки туман маркази, хиёбонларда бугунги фаровон ҳаётимиз акс эттирилган панно ва плакатларни кўрамиз. Табиийки, унда тасвирланган бунёдкорлик жараёни ҳар бир қишлоқ, туманда ўз аксини топаётганига гувоҳмиз.

Шу жиҳатдан олиб қаралганда, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси зиммасига масъулиятли вазифа — мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, улкан янгиланишларни оммага кўргазмали воситалар орқали таъсирчан ҳамда жозибадор шаклларда етказиш юклатилган. Бунда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
Биргина ўтган йили “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, “Соғлом бола — ёруғ келажагимиз” тавсия-қўлланмаси, “Соғлом бола — соғлом келажак” мавзулари қамраб олинган қўлланма ва кўргазмали воситалар тайёрланиб, вилоятларга тарқатилди.
Хабарингиз бор, йўл бўйларига, бинолар пештоқларига, бозорлар, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонларга ҳамда бошқа аҳоли масканларига тасвирий тарғибот воситаларини жойлаштиришда, энг аввало,  унинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Негаки, ҳар бир кўргазмали воситада маълум эзгу мақсад ифодаланади. Масалан, ижодий уюшмамиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури” ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Камалак юлдузлари” болалар фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари бўлиб ўтадиган жойларга, марказий кўчаларга фестивалга оид баннерлар тайёрланиб жойлаштирилди. Ёки юртимизда тарихан қисқа даврда босиб ўтилган улкан ривожланиш йўлини баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат асосий ғоя сифатида белгиланиб, ушбу йўналишда ҳам кўргазмали воситалар тайёрланди. Буларнинг барчасида мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, халқимиз тафаккуридаги ижобий ўзгаришлар, ёшларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари ўз ифодасини топган. Қолаверса, уюшмамиз Республика Маънавият тарғибот маркази, Бадиий академия, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати сингари бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган тадбирлар, танлов, фестиваль ва кўргазмаларга ҳам ҳомийлик қилди.
Ёшлар ўртасида ўтказилиши анъанага айланган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақалари олдидан ушбу беллашувларнинг  мазмун-моҳияти, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб камол топишларида спортнинг аҳамияти акс эттирилган туркум кўргазмали воситалар мунтазам тайёрланади. Соғлом турмуш тарзи, оила, бахтли болаликни тараннум қилувчи бир қатор манзилли кўргазмали воситалар чоп этилиб, ўқув-тарбия масканларига тарқатилди, панно ва плакатлар эса боғ ҳамда хиёбонларга ўрнатилди.
Бугунги кунда юрт тинчлиги, осойишталиги, фарзандлар тарбияси борасида огоҳ бўлишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. “Ўз уйингни ўзинг асра”, одам савдосига қарши кураш, айрим ёшларни жамиятимизга ёт бўлган иллатлардан сақлашга қаратилган ва огоҳликка чорловчи плакатларнинг чоп этилаётгани ҳамда улар ўқув масканлари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларига тарқатилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Пойтахтимиз, вилоят, шаҳар, туманлардаги марказий кўчалар, хиёбонлар, одамлар гавжум жойларда ташкил этилган постерлар, плакат ва кўргазмали тасвирий-тарғибот воситалари ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган. Чунончи, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишларига хизмат қилувчи “Соғлом бола — ёруғ келажагимиз” номли тавсиялар қўлланмаси тайёрланиб, 40 минг нусхада чоп этилди ва жойларга тарқатилди.
Айни пайтда республикамиз кўчаларида етти мингдан ортиқ тасвирий-кўргазмали тарғибот воситалари мавжуд. Уларда тинчлик, осойишталик, бунёдкорлик, бағрикенглик каби тушунчалар ҳаммага тушунарли тарзда акс эттирилган. Шу тариқа улар ҳар куни миллионлаб кишиларга эзгу ғоя ва фикр улашади.
Юртбошимиз ташаббуси билан 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. Мамлакатимизда кексалик ва у билан боғлиқ ижтимоий жараёнлар масаласига жамият ривожланишининг муҳим вазифаси сифатида қараб келинмоқда. Айни пайтда уюшма томонидан ташкил этилаётган кўргазмали воситаларнинг мазмун-моҳияти ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган.
“Тасвирий ойина” уюшмаси  фаолиятини ҳамкор ташкилотлар — ҳокимлик ва идоралар, вазирликлар, олий ўқув юртлари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг фаолиятисиз айро ҳолда тасаввур қилиш қийин. Шу боис ҳам ишимизни тўғри ташкил этиш, халқимизнинг бунёдкорлик ишларини, одамлар қиёфасида, онги, руҳиятида рўй бераётган ўзгаришларни тасвирий воситалар орқали намоён этишда доимо уларнинг кўмагига суянамиз. Зеро, эзгуликка хизмат қилиш, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиздир.

Исфандиёр ЛАТИПОВ,
«Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn