Халққа хизмат қилиш — олий саодат
  • 18 Апрель 2015

Халққа хизмат қилиш — олий саодат

Марҳабба ҒАФУРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Президент сайлови юртимиз ва кўп миллатли халқимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлиб, давлатимизни демократик жиҳатдан янада ривожлантиришнинг янги босқичини ўзида намоён қилди.
Кўплаб халқаро кузатувчилар қайд этганидек, фуқароларимиз сайловда юксак сиёсий фаоллик кўрсатиб, Ўзбекистон халқи онгли равишда ва қатъият билан мамлакатда тинчлик, барқарорликни асраб-авайлаш, республиканинг демократлаштириш, янгиланиш ва модернизация йўлида изчил давом этиши, дунёда муносиб ўрин эгаллаши учун овоз берди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқида ташқи сиёсатимиз йўналиши ўзгармаслигига алоҳида тўхталиб, жумладан, “Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштиришга, бизнинг ҳарбийларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак, бунинг учун курашишимиз керак”, дея таъкидлади.
Бугунги кунда дунёда халқаро муносабатларда кескинлик сақланиб қолаётир, этник, динлараро можаролар, қуролли тўқнашувлар тўхтамаяпти. Шундай бир пайтда Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, қўшнилар билан дўстона муносабатлар ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ягона тўғри сиёсатни олиб бормоқда. Давлатимиз тинчликсевар сиёсатга содиқлигини намойиш этган ҳолда, юртимизда ёш авлодга ҳамиша ғамхўрлик кўрсатилиб, кексалар мудом эъзоз топмоқда. Иқтисодиёт, фан, таълим, спорт соҳаларидаги муваффақиятларимиз жаҳон ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлаётир. Мамлакатимиз дунё ҳамжамиятига ишонч билан интеграциялашмоқда. Зеро, халқимиз барқарор тараққиёт йўлини танлаган.
Юртимизда осойишталик, тараққиёт ва фаровонликни таъминлаш мақсадида биз бор куч-ғайратимиз, билим ҳамда салоҳиятимизни ишга солишимиз лозим. Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган демократик мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши йўлида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик ва фидойилик билан иштирок этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Муродулла ТУРСУНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:
— Президент Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги танланган йўлдан оғишмай, қатъийлик билан давом этаётганимизда ўз инъикосини топаяпти. Қисқа вақт давомида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий жабҳаларида рўёбга чиқарилган янгиланишлар ҳамда ўзгаришлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра асрларга татигуликдир. Мустақиллик йилларида юртимиз иқтисодиёти 5 баробардан зиёд, аҳоли жон бошига даромадлар ўртача 8,7 маротаба ошди. Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши охирги йилларда 8 фоиз даражасида барқарор сақланаётир. Аҳоли ҳаёт сифати ва даражаси жадал юксалиб, халқимиз давлатимиз сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Президент сайловида фуқароларимизнинг фаол қатнашиб, ислоҳотларни давом эттириш учун ўз овозларини бергани бунинг ёрқин тасдиғидир. Ҳамюртларимиз шу асосда Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун ҳиссаларини қўшдилар.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида саноатда йирик инвестиция лойиҳаларини, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишлар яқин беш йил давомида давом эттирилишини таъкидлади. Рақобатдош иқтисодиётни шакллантириш, хусусий мулк ҳимоясининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш, ишбилармонларга эркинлик бериш, мамлакат ялпи ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши ўсиши бўйича қўлга киритилаётган бугунги муваффақиятларимиз белгилаб берилган ана шу марраларни забт этишда биз учун мустаҳкам асос бўлиши, шубҳасиз.
Биз Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, Ватанимиз фаровонлиги йўлида фаоллик ва жонбозлик кўрсатишга тайёрмиз.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn