Дунёда болам деб яшайди ўзбек
  • 17 Апрель 2015

Дунёда болам деб яшайди ўзбек

Ўзбекистонда 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани самарасида улар барча соҳада улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури навқирон авлоднинг замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Конституциямизда ва кўплаб қонунларда ёшларимизнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ўз ифодасини топган. Президентимизнинг ушбу мавзудаги Фармон ва қарорлари ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтирди.
Тараққиёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Ҳаётга муносабату ёндашувлар ўзгаради, ривожланишга интилиш кучаяди. Техника инқилоби рўй берган, ахборот алмашинуви шиддатли тус олган бугунги глобаллашув замонида эришилган ютуқ ва марралар билан чегараланиб, хотиржамлик ва бепарволик кайфиятига берилган борки, тараққиётдан муқаррар ортда қолади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ўзининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга етарлича эътибор қаратмайдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз қараш ва ёндашувига, гражданлик позициясига эга бўлган шахсни камол топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймайдиган ҳар қандай давлат ва жамият тарих ва тараққиёт йўлидан четда қолиб кетишга маҳкум.
Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури халқимизнинг эзгу орзу-мақсадларига ҳамоҳанг бўлган, мамлакатимизда ақлан етук, жисмонан бақувват, маънан соғлом авлодни камолга етказиш борасидаги ислоҳотларнинг узвий давомини акс эттирган муҳим ҳужжатдир.
— Дастурда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга авлодни тарбиялаш жараёнида уларнинг турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини кучайтириш, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитларни яратиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш борасида қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, эртамиз эгаларини ёт ғоялардан ҳимоялаш, соғлом эътиқод ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ишларни янада кучайтириш кўзда тутилган.
Дастурга мувофиқ, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Адлия вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида тадбирлар, конференциялар, семинарлар, акциялар, фестиваллар, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилади.
Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” лойиҳаларида фаол иштирок этган иқтидорли ва ишбилармон ёшлар имтиёзли кредит олиш имкониятини қўлга киритади.
“Сиз қонунни биласизми?”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловларида иштирок этиш орқали ёшлар ўз ҳуқуқий маданияти ва билим даражасини янада мустаҳкамлайди. “Юрт келажаги”, “Камалак юлдузлари” каби кўрик-танловлар ёш иқтидорларни кашф этиш билан бирга, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, маънавиятини бойитиш, юртимиз тарихи, маданиятига оид билимини кенгайтиришга ҳисса қўшади.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳиятини ёшларга етказишга қаратилган тадбирларда юртимизнинг барча ҳудудидаги ёшлар қамраб олинади. Ёшлар ҳуқуқий онги, сиёсий маданиятини ошириш билан бирга, Концепция доирасида ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳалари муҳокамаларида фаол иштирок этиб, ўз таклифларини билдиради.
Фан, таълим, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларнинг таниқли вакилларини жалб этган ҳолда ўтказиладиган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!”, “Биз Ватан фарзандлари — умид ниҳолларимиз!” фестиваллари орқали ёшларнинг ҳуқуқий, маънавий ва тиббий маданияти оширилади, Ватанга муҳаббат, меҳр, юртга садоқат туйғулари кучайтирилади.
Ёшларнинг замонавий техника ва технологияларга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларда ижодий тафаккур ва яратувчанлик қобилиятини ривожлантириш мақсадида “Инновацион ғоялар” республика танлови ташкил этилади.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида ёшларни катталарга ҳурмат, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш ва уларга нисбатан меҳр-мурувват руҳида тарбиялаш мақсадида “Фарзандлик бурчим” лойиҳаси амалга оширилади.
“Шунқорлар”, “Ёш чегарачилар” ҳарбий-спорт мусобақалари, “Камолот” шахмат тахтаси”, “Камолот-тур” веломарафони, футбол, бадминтон ва теннис бўйича “Камолот” кубоги”, “Яшил майдон маликалари” турнирлари, “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” акцияси ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади.
Мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамликни асраш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш — давр тақозоси. Шу боис барча таълим муассасаларида “Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” мавзуларида мутахассислар иштирокида ўтказиладиган учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ёшларни мустаҳкам эътиқодли бўлиб камол топишга, юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга ундайди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Камолот” уйлари қурилиши давом этмоқда. Ёш оилаларга “Камолот” тавсиясига мувофиқ, тижорат банклари томонидан бошланғич бадалсиз, йигирма йил муддатга имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан берилаётган бу уй-жойлар уларнинг кўплаб иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал этишга, пировардида ёшларнинг ҳар томонлама камолга етиб, жамиятда ўз ўрнини топишига ҳисса қўшмоқда. 
Дарҳақиқат, ёш авлод истиқболи йўлида амалга оширилаётган барча ишлар давлатимиз раҳбарининг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган сўзлари юртимизда ҳар бир инсон учун муқаддас бурчга, ҳаёт мазмунига айланиб бораётганидан далолатдир.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ёзганидек:
Қиёси йўқ асло, меҳри бир дарё,
Ўхшаса ўзига ўхшайди ўзбек.
Болаларига-ку билдирмас, аммо,
Дунёда болам деб яшайди ўзбек.

Дилшод КАРИМОВ,
ЎзА шарҳловчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn