Эсдалик юбилей медаллари топширилмоқда
  • 17 Апрель 2015

Эсдалик юбилей медаллари топширилмоқда

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фронти фахрийларига “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда бир марталик пул мукофотлари тантанали равишда топширилмоқда. Куни кеча Наманган шаҳрида ҳам ана шундай тадбир бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг шу йил 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ва 2015 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонлари мазкур тадбирларни юқори савияда ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда фахрийларнинг ёшлар билан учрашувлари ўтказилаяпти. Уларда сўзга чиққан отахону онахонлар бугунги дориламон кунларга шукроналар айтиб, ўзларининг машаққатли ўтмиш хотираларини янги авлод вакилларига сўзлаб бермоқда.
Фарзандлари, дўсту биродарлари оғушида яшаётган Низомжон ота Сатторов биринчилардан бўлиб ушбу юксак мукофотни қабул қилиб олди. Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва матонат кўрсатган отахоннинг кўрган-кечирганлари кечагидай ёдида. Шунинг учун ҳам, тинчлик-осойишталик, бугунги фаровон ҳаётимизни беҳад қадрлайди. Буни ёшларга мудом уқтириб келади.
Турғунбой Мансуров ҳам урушнинг сўнгги кунларигача фидойилик кўрсатган инсонлардан. Юбилей медали билан тақдирланган отахон мамлакатимизда кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва иззат-икромдан тўлқинланиб, шундай дейди:
— Истиқлол бизга беқиёс имкониятлар берди, қадримиз, қаддимизни кўтарди. Ушбу сана арафасида уруш  қатнашчилари эсдалик юбилей медали ва бир марталик пул мукофотлари билан  тақдирлангани эса биз, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз.
Эсдалик юбилей медали ва пул мукофотлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўз эгаларига тантанали равишда топширилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn