Шукроналик ва масъулият ҳисси
  • 16 Апрель 2015

Шукроналик ва масъулият ҳисси

Хотира ва қадрлаш куни арафасида мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида Тинчлик дарслари ўтказилади. Тинчлик — улуғ неъмат. У мамлакат тараққиётида ҳам, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришида ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Шундай экан, осойишталикнинг қадрига етиш, жонажон

Ватанимиздаги тотувлик, ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Айниқса, бу эзгу тушунчаларни ёш авлод онгига сингдириш, уларни комил инсон этиб тарбиялаш ғоятда муҳим саналади. Бинобарин, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида мамлакатимиздаги барча таълим масканларида Тинчлик дарслари ўтказилиши режалаштирилгани ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Болажон халқмиз. Ҳар биримиз фарзандимиз тимсолида орзу-ҳавасларимиз рўёбини кўрамиз. Шукрки, юртимизда ўғил-қизларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Нафақат шаҳарларимизда, балки энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий, кўркам мактаб ва коллежлар бунёд этилган. Қолаверса, халқаро талаблар даражасидаги спорт мажмуалари эртамиз эгалари ихтиёрида. Булар истиқлол шарофатидандир.
Дарҳақиқат, мустақиллик берган имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди. Бу йил энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 24 йиллигини кенг нишонлаймиз. Мана шу ўтган давр мобайнида барча соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилди. Уларни санаб саноғига етиш қийин. Лекин шуни ҳам айтиш жоизки, ҳеч бир муваффақият ўз-ўзидан келмайди ёки осмондан тушиб қолмайди. Эришаётган, дунё ҳамжамияти алоҳида эътироф этаётган беқиёс ютуқ ва марраларимиз мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир.
Шунинг учун ҳам кексаларимиз дуога қўл очганда, дориламон кунларимизга шукрона айтиб, тинч ҳамда фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, дея ният қилишади. Бундай тилакларда чуқур маъно-мазмун мужассам. Зеро, бугун дунёда қанча инсон ёруғ кунлар умидида яшаяпти?! Қанчадан-қанча одамлар турли қарама-қаршиликлар, низолар, молиявий-иқтисодий инқироз, табиий офатлар туфайли ҳаловатини йўқотган?! Албатта, улардан тўғри хулоса чиқариш, бизга берилган бебаҳо неъматнинг қадрига етиш айни муддаодир.
— Инсон умрида осойишталикнинг ўрни қанчалик муҳим эканини мен ўз ҳаётим мисолида кўрдим, — дейди Учтепа туманилик меҳнат фахрийси Ниғматулла Саъдуллаев. — Ниятларингиз, орзу-умидларингиз фақат тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлган жойдагина амалга ошаркан. Баъзан шулар ҳақида ўйлаб, умримнинг ўтган йилларини хотирлайман. Афсуски, айни ўйнаб-куладиган йигитлик чоғимиз уруш даврига тўғри келди. Одамларда ҳаловат йўқолган, кун кечириш қийин. Эҳ-ҳе, буни эслашнинг ўзи жуда оғир. Биз ана шу мусибатларни бошимиздан кечирганимиз учун ҳам ёшларга насиҳат қилганда “Тинчликнинг қадрига етинглар, мустақилликка муносиб фарзанд бўлинглар”, дея уқтирамиз.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 май мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида, ўз жонини Ватан озодлиги учун фидо қилган юртдошларимиз хотирасига кўрсатилаётган эҳтиром, бугунги дориламон кунлар, тинч-осойишта ҳаётимиз ва халқимиз фаровонлиги учун фахрланиш, нуронийларни эъзозлаш айёми тарзида кенг нишонланаётир.
Жорий йил ушбу байрам “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад навқирон авлодга тинчликнинг қадр-қимматини, мустақиллик ато этган улкан имкониятларнинг моҳиятини тушунтиришдир. Қутлуғ айём олдидан таълим масканларида Тинчлик дарслари ташкил этилишида ҳам ана шу эзгу мақсад кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ушбу дарсларни юқори савияда йўлга қўйиш учун тегишли режа ишлаб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шакллантирилган ишчи гуруҳи томонидан “Жасорат, бурч, матонат” номли услубий тавсия ҳамда Тинчлик дарси ишланмаси, машғулот учун махсус ўқув режа ва тавсиялар яратилмоқда. Дарслар Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилиши, уларга уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, элда обрў топган, катта ҳаёт тажрибасига эга табаррук отахон ҳамда онахонлар, олимлар, адабиёт, маънавият, санъат, таълим фидойилари жалб этилиши машғулотларнинг янада сермазмун бўлишини таъминлайди.
Дарс жараёнида бу йилги байрамнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Fалабанинг 70 йиллигига ҳамоҳанг нишонланаётгани, Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган ҳиссаси, юртимиздан фронтга жўнаб кетган ўғлонларнинг жасорати, юртдошларимизнинг фронт ортидаги матонатли ва фидокорона меҳнати, диёримизга эвакуация қилинган гўдаклар, оналар, қариялар, беморларга кўрсатилган меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик ҳақида сўзлаб берилади.
— Мактабимизда Тинчлик дарслари кўтаринки руҳда ўтиши учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, — дейди пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 144-умумтаълим мактаби директори Нилуфар Ҳусанбоева. — Унда Юртбошимизнинг “Тарихий хотирасиз — келажак йўқ”, “Юксак маънавият — енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” каби асарларида республикамизда, бутун минтақада тинчликни асраш, ёш авлод онгу шуурида Ватан келажаги, унинг осойишталиги, равнақи йўлидаги масъулиятни кучайтиришга доир долзарб фикрлар ўқувчиларга ҳаётий мисоллар билан тушунтирилади.
Ишчи гуруҳининг маълум қилишича, юртимиздаги ўқув даргоҳларида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари билан давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилади. Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Қуролли Кучлар давлат музейи, жойлардаги музейларга экскурсиялар уюштирилиб, уларда ўқувчилар учун очиқ дарслар ўтказилади. Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирокида таълим муассасаларида тарғибот ишлари олиб борилади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn