Саховатга йўғрилган ташаббус
  • 16 Апрель 2015

Саховатга йўғрилган ташаббус

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 26 мартда имзоланган умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида давом этаётган саломатлик ҳафталиги Тошкент вилоятида яшовчи кексаларнинг ҳам хурсандчилигига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Пискент тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилган асосий тадбирларда уруш ва меҳнат фахрийлари, боқувчисини йўқотган ёлғиз қариялар, ногиронлар малакали шифокорлар кўригида бўлиб, зарур маслаҳатлар олишаяпти.
Ушбу поликлиника ҳудуддаги 95305 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Унинг биноси тубдан таъмирланган бўлиб, энг зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Ҳовлида очилиб турган турфа гуллар муассасага келаётганлар руҳиятига ижобий таъсир этиши, шубҳасиз. Зеро, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино айтганидек, гўзал манзара ва ширин сўздан кўпроқ баҳраманд бўлмоқ ҳар қандай кишининг таъбини ёруғ, феълини майин қилади.
Тадбир доирасида ёши улуғ кишиларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар бепул тарқатилди. Пискент шаҳрининг Навоий маҳалласида яшовчи Жаҳонбу ая Аҳмаджонова бу йил тўқсонинчи баҳорни қарши олди. Шифокорлар у кишининг хонадонига ташриф буюриб, дори-дармонларни улашишганида, онахоннинг кўзларига қувонч ёшлари қалқди.
—    Умрим далада ўтган, эртаю кеч бошим қора меҳнатдан чиқмаган, — дейди онахон. — Ишлайверибмиз-у, қадр нима, эъзоз нима билмабмиз. Кечаги оғир кунларимизни ўйлаб, мустақиллигимизга кўз тегмасин, деймиз. Президентимизга раҳмат. Биз, кексаларга шундай эътибор, ғамхўрлик кўрсатилаяптики, бундан беҳад мамнунмиз. Шифокорлар доимо ҳолимиздан хабардор. Уларнинг йўқловидан бошим осмонга етади. Чарчоқни ҳам унутаман, хасталигим ҳам бир зумда ёдимдан кўтарилади. Меҳр-оқибат, файзу барака ёғилган Ўзбекистонимиз дунё тургунча турсин!
Юз-кўзидан меҳр балқиб турган Жаҳонбу аянинг хонадонидан чиқаётганимизда, номи юқорида тилга олинган поликлиника бош шифокори Шаҳло Раҳимованинг мобиль телефони жиринглаб қолди. Бош шифокор “Йўғ-э, ўзимиз борамиз, деб тайинлагандик-ку”, дея ким биландир гаплашгач, бизга изоҳ берди:
—    Ўтган куни Пискентнинг энг ёши улуғ кишиларидан бири, 105 ёшли Абдусалим ота Омоновнинг уйларига шифокорлар гуруҳи билан бирга бориб, ҳол-аҳвол сўраб келган эдик. Бугун отахоннинг ўзлари поликлиникага келибдилар.
Бу гапни эшитгач, очиғи, ишониб-ишонмай, шифо муассасасига шошилдик. Кўринишидан, юриш-туришидан, гап-сўзидан ўктамлиги шундоқ кўзга ташланиб турган отахонни юз ёшдан ошган, деб ҳеч ҳам ўйламайсиз. У киши шифокорларни кўриши билан: “Шунча катта тадбир қилаётган экансизлар, нега мени айтмадиларинг?” дея ранжигандек бўлдилар-у, кейин дил сўзларини изҳор этдилар:
—    Юз ёшдан ошдим, беадад шукр. Қанийди, яна ёш бўлиб қолсаму бор куч-ғайратимни одамларга яхшилик қилишга, мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига ҳисса қўшишга бағишласам. Шундай замонларни кўрдикки, одамлар очликдан, қаҳатчиликдан тутдай тўкилди. Бир бурда нон топиш машаққат эди. Бир томондан тирикчилик азоби, иккинчи томондан уруш балоси одамларни бутунлай ҳолдан тойдириб, эзиб  қўйган эди. Бугунги ҳаётимизга ҳар қанча шукроналар айтсак, камлик қилади. Бундай замон тушимизга ҳам кирмаган. Энди роҳат-фароғатда  яшайдиган ёруғ кунлар келди. Ўғилларимнинг ҳаммасида машина бор. Ҳозир йўлда мени кўриб қолиб, “Ота, қаерга кетаяпсиз, ўзимиз олиб борамиз”, деб ҳоли-жонимга қўйишмади. Барака топишсин, лекин мен пиёда юришни яхши кўраман. Ёшу қари билан суҳбатлашишни ёқтираман. Чунки инсон инсондан меҳр олади, куч олади. Мустақилликка эришганимиздан буён кексалар, аёллар ва болалар саломатлиги давлатимизнинг доимий эътиборида. Тошкентдан келган шифокорлар ҳаммамизни тиббий кўрикдан ўтказиб, маслаҳатлар беришди. Фуқаросини, кексаларини, аёлларини эъзозлайдиган шундай юрт яна қаерда бор?! Барака топишсин,  шифокорлар дори-дармон, даволанишим учун йўлланма беришди. Биз каби ёши улуғларга ғамхўрлик кўрсатаётганларга айтаманки, бу яхшилигингиз сизларга минг баробар бўлиб қайтсин. Осойишта, тинч-тотув ҳаётимизга кўз тегмасин.
Отахоннинг мамнуният оҳангидаги бу сўзларини бежиз келтирмадик. Зеро, истиқлол шарофати туфайли энг олис ҳудудларда яшовчи аҳоли учун ҳам замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
—    Соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар боис бошқа жойларда бўлганидек, бизда ҳам ҳар бир даволаниш муассасаси янгитдан қурилди ёки тубдан таъмирланди, — дейди Пискент тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳаббат Қодирова. —  Улар илғор ускуналар билан таъминланди. Бу эса мурожаат билан келувчиларнинг мушкулини осон қилишда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Бундай тадбирларда профессор-ўқитувчиларнинг маҳаллий мутахассисларга маслаҳат бераётгани ҳам айни муддао бўлаётир.
“Жасорат, бурч, матонат” шиори остида ташкил қилинган саломатлик ҳафталиги тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам қизғин давом этмоқда.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn