Энг улуғ, энг савобли иш
  • 14 Апрель 2015

Энг улуғ, энг савобли иш

Мамлакатимизда “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида уруш ва меҳнат фахрийларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга қаратилган ижтимоий акция бошланди. Халқимизга хос ўлмас қадриятлардан бири, бу — ёши улуғ кишиларни ардоқлашдир.

Зеро, ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган, аччиқ-чучугини тотган нуронийларнинг ҳар бир сўзи ёшлар учун ибрат саналади. Уларга ғамхўрлик кўрсатиш, дуосини олиш дунёдаги энг улуғ, энг савобли ишдир. Бинобарин, 2015 йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани ҳам юртимизда пиру бадавлат отахону онахонларимиз нечоғли юксак эътиборда эканлигини кўрсатади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур акцияда ҳам уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз, қаровчисини йўқотган қариялар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 26 мартдаги умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида уюштирилган мазкур тадбир давомида республикамизнинг барча ҳудуди қамраб олинади. Унда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва олий таълим муассасаларининг етакчи олим ҳамда юқори малакали шифокорлари иштирок этади. Терапевт, уролог, невропатолог, офтальмолог, лор, хирург, кардиолог, ортопед-травматолог каби ўнлаб мутахассислар аҳоли, хусусан, кексаларнинг саломатлигини назорат қилишади, ўз маслаҳатларини беришади. Шу билан бирга, акция доирасида фахрийлар биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар ва тиббий буюмлар солинган махсус қутичалар, амбулатория шароитида даволанишда шифокорлар кўрсатмаси бўйича дори воситалари билан ҳам бепул таъминланади.
Пойтахтимиз — Тошкент шаҳридан бошланган ушбу хайрли ташаббус аҳолининг барча қатламига бирдек маъқул келмоқда. Жумладан, кеча Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникига борганимизда, кекса авлод вакилларининг тиббий кўрикдан ўтаётганига гувоҳ бўлдик.
—    Чақар маҳалласида яшайман, — дейди ўзини Зуҳра Алимова деб таништирган онахон. — Етмишдан ошдим. Шу ёшга кириб, бугунгидек фаровон турмушни, эъзозу ардоқни кўрмаганман. Илгари тобимиз қочса, узоқ йўл босиб, шифохоналарга борардик. У ерда эса соатлаб навбат кутиб ўтирган бўлсак, ҳозир тиббиёт ходимларининг ўзлари хонадонимизга келиб, кўрикдан ўтишимиз лозимлигини тайинлашади. Қанақа кўмак, нима маслаҳат бўлса, батафсил тушунтиришади. Буларнинг ҳаммаси тинчлик ва осойишталик шарофатидандир. Бизни эъзозлаётган, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётган, эзгуликка йўғрилган мана шундай ташаббусларнинг бошида турганлар ҳамиша омон бўлишсин.
Онахон билан суҳбатлашиб турганимизда, поликлиникага икки отахон ташриф буюрди. Суриштирсак, қадамлари шахдам, юришлари тетик бу нуронийлар ака-ука экан. Ўзларини Мансур ва Носир Алиев деб таништирган бу кишиларнинг каттаси 92, кичиги эса 90 ёшда экан. Қизиқиш устун келиб, улардан “Узоқ умр кўришнинг сири нимада?” деб сўрадик.
— Хотиржамликда ҳикмат бор, — дейди Мансур ота Алиев. — Юртимиздаги тинч ҳамда осуда ҳаётнинг баҳоси йўқ. Негаки, тараққиёт ҳам, ободлик ҳам, фарзандларимизнинг бехавотир униб-улғайишлари ҳам ана шу улуғ неъмат туфайлидир. Қолаверса, доимо меҳнат билан машғул бўлиш, яхши ният қилиш, эл корига яраш ҳам умрни узайтиради, деб ўйлайман.  Мен ҳам, укам ҳам Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, не-не балолардан омон қайтдик. Шукрки, мустақилликни, бугунгидек гўзал ва обод турмушни кўрдик. Барака топишсин, шифокорлар деярли ҳар куни ҳолимиздан хабар олиб туришади. Дори-дармон, муолажадан камчилик йўқ. Бугун ҳам “Кўрикдан ўтказамиз”, деб уйимга машина юборишибди. Беихтиёр кечаги кунларни эслайман. Бундай ҳурмат, иззат қаерда эди? Кексаларни эъзозлаш йилида бизга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтамиз.
Бундай дил сўзларини, самимиятга йўғрилган изҳорларни тумандаги 17-оилавий поликлиникага борганимизда ҳам бот-бот эшитдик. Ҳудуддаги ўттиз минг аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган мазкур поликлиникада мурожаат қилувчилар учун барча шарт-шароит муҳайё этилган.
— Мазкур тиббий  кўриклар  жараёнида, — дейди 17-оилавий поликлиника бош шифокори Шаҳзода Алимова, — уруш ва меҳнат фронти фахрийларини тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга малакали ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам  кўрсатиш, кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, клиникалар, илмий тадқиқот институтларида даволаш учун имтиёзли  ордерлар ажратиш, доимий  кўмаклашиш, хусусан, уйида тиббий  ёрдам  кўрсатиш учун тиббиёт ходимлари бириктириш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.  
Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Кексаларни эъзозлаш йили муносабати  билан шу йилнинг 16 — 21 февраль кунлари ҳам мамлакатимиз  бўйлаб 84 минг нафар қария республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий ўқув юртларининг 270 нафардан зиёд етакчи мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган эди. Улардан 34000 нафари уруш ва меҳнат фронти фахрийси, 47834 нафари эса пенсионер, ёлғиз кексалардан иборат эди. Кўрикдан ўтганларнинг 68314 нафари амбулатор шароитида, 6492 нафари туман ва вилоят шифохоналарида, 1067 нафари республика даволаш-профилактика муассасаларида даволанишлари назоратга олинди. Худди шунингдек, республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлари, илмий текшириш институтлари ҳамда олий ўқув юртлари клиникаларида мунтазам равишда “Маҳорат дарслари” ўтказилиб, 1,5 минг нафар, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида эса  4 минг нафар қарияга юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди. Жойларда малакали мутахассислар томонидан 100 га яқин кўргазмали жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига 15 дан зиёд янги даволаш ва диагностика усуллари татбиқ этилди.
Кексалар учун юқори технологияли диагностика ҳамда даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида, клиникаларда, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида 50 нафар беморда йирик бўғимларда реконструктив-тиклаш операциялари, 250 кишида умуртқа поғонаси касаллигида консерватив терапевтик даволаш, 200 нафарида юрак-тож артерияларини стентлаш, 30 нафар беморда аорто-коронар шунтлаш, 200 нафар кишида катаракта билан ва 150 нафар беморда глаукома билан кўзни сақлаб қолувчи операциялар амалга оширилди.
“Дори-дармон” акциядорлик компанияси ҳомийлик маблағлари ҳисобига ёлғиз пенсионерлар, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини
20 турдаги оғриқсизлантирувчи воситалар ҳамда махсус дори-дармон йиғмалари билан бепул таъминлаш мақсадида дори воситаларининг рўйхати белгиланиб, етказиб берилмоқда.
“Жасорат, бурч, матонат” шиори остида бўлиб ўтаётган мазкур тиббий кўрикка турли соҳа мутахассислари жалб этилган. Яъни ушбу ижтимоий акция олдидан  маҳаллий мутахассислар томонидан маълум муддат давомида алоҳида консилиумга эҳтиёж сезувчи беморларнинг аниқ манзилли рўйхати ҳам тузилди. Натижада ҳафталик давомида муаммоли ташхисли беморларга тегишли соҳа мутахассислари иштирокида аниқ ташхис  қўйиш билан бирга, уларнинг малакали тиббий ёрдам олишига ҳам имконият яратилди. Айниқса, бир неча касалликлар билан азият чекаётган беморлар доимо меҳр ва эътиборда эканликларини яна бир бор ҳис қилганликлари янада аҳамиятли  бўлмоқда.
Акция доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини  қарор топтириш, ёшларда соғлом  оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Тиббий кўрик ҳамда текширувлар натижалари асосида 7 минг нафар қарияга республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларида, илмий текшириш институтлари, олий ўқув юртлари клиникаларида, 18 минг нафар қарияга вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилиши, жойларда малакали мутахассислар томонидан 400 дан ортиқ кўргазмали мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши, ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига 70 дан зиёд янги даволаш ва диагностика усуллари татбиқ этилиши ҳамда ушбу тадбирлар учун давлат бюджетидан 13,8 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож қариялар орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг 15 минг нафари, биринчи навбатда, Мурувват ва Саховат уйларида яшовчилар, мавсумий гриппга қарши ва 200 минг нафар қария гепатит В га қарши эмланади. Эмланувчилар манзилли рўйхати давлат санитария-эпидемиология марказлари ва бирламчи тиббий-санитария муассасалари томонидан эпидемик кўрсаткичларга асосан аниқланади.
Зеро, Президентимиз ташаббуси билан амалга  оширилаётган ушбу хайрли ишлар миллатни соғломлаштириш ғоясининг асосини ташкил қилади. Бинобарин, бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг ривожланиш омили инсон, унинг соғлиғи ва турмуш даражасига бераётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракати билан ўлчаниши барчамизга кундек равшан. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кексаларни эъзозлаш мақсадида амалга оширилаётган бу каби хайрли ислоҳотларнинг нечоғли муҳим ва долзарб эканлиги давлатимиз раҳбарининг “Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади”, деган сўзларида ҳам яққол ифодаланган.

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
Фурқат САНАЕВ

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn