Аҳди қатъий, шижоатли ёшлар ўз бизнеси орқали юртимиз иқтисодиёти равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда
  • 11 Апрель 2015

Аҳди қатъий, шижоатли ёшлар ўз бизнеси орқали юртимиз иқтисодиёти равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда

Катта ҳаётга кириб келаётган ҳар бир ёш, аввало, жамиятда муносиб ўрин эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Зеро, пухта билим, муайян касб-ҳунар сирларини эгаллаш ана шундай орзу-умидлар рўёби сари йўл очиши, шубҳасиз.

Шаҳбоз Каттаев — Термиз ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи битирувчиси. У болалигиданоқ тадбиркор бўлишни орзу қиларди. Ўқиш давомида устозлари кўмагида ўз бизнес-режасини тузиб, ҳар томонлама такомиллаштирди.
Яқинда Шаҳбознинг ишбилармонликни йўлга қўйиш борасидаги лойиҳаси республика Марказий банки ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “BankExpo — 2015” банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари миллий кўргазмаси доирасида ўтказилган танловда “Энг яхши бизнес-режа” деб топилиб, унга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.
Айтиш керакки, бу тадбир воҳалик кўплаб ёш тадбиркорларнинг эзгу ташаббуслари қўллаб-қувватланишида муҳим аҳамият касб этди. Яъни унда бизнес ғояси билан қатнашиб, турли йўналишда ўз корхонасини ташкил қилишни истаган йигит-қизларга молия муассасалари томонидан кредитлар ажратиладиган бўлди.
Бундан тўрт йил аввал вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 1,2 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағлари берилган бўлса, 2014 йилда ушбу кўрсаткич ўн баробар ортди. Аниқроғи, 1558 нафар коллеж битирувчисига тадбиркорлик лойиҳалари учун 10,8 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратилди. Муҳими, амалиёт давридаёқ ўз бизнес-режаларини банкларга тақдим этаётган коллеж ўқувчиларининг истиқболли лойиҳалари малакали мутахассислар томонидан ўрганилиб, молиялаштирилмоқда. Жумладан, ўтган йили биргина “Микрокредитбанк”нинг Жарқўрғон, Қизириқ туманлари филиаллари томонидан “Ёш тадбиркор — элга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” сингари лойиҳалар асосида касб-ҳунар коллежлари  битирувчиларидан 100 нафардан зиёдига 200 миллион сўмликдан ортиқ микрокредитлар берилди.
Қизириқ туманининг Янги турмуш маҳалласида яшовчи Юлдуз Эгамбердиева ҳам яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мўъжазгина тикувчилик корхонасига асос солди. Ангор туманидаги қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Фарида Қурбонова эса 2014 йилда молия муассасасига ўз бизнес-режасини тақдим этиб, 4 миллион 800 минг сўмлик кредит маблағини қўлга киритганди. Ҳозир улар ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўнлаб иш ўринлари яратган. 
— Туманимиздаги саноат корхоналари учун махсус иш кийимлари тикиб бераяпмиз, — дейди Фарида Қурбонова. — Саккиз нафар чевар хотин-қизни ишга қабул қилдик. Натижада болалар кийим-кечаклари, буюртма асосида ёстиқ жилдлари ва чойшаблар тайёрлашни ҳам йўлга қўйдик. Даромадимиз ҳисобидан қўшимча тикув машиналари сотиб олишни мўлжаллаяпмиз. 
Сурхондарёлик йигит-қизларнинг аксарияти ўз бизнесини ташкил этишга дадил интилаётгани қувонарлидир. Адҳам Хурсанов ҳам ана шундай аҳди қатъий ёшлардан. Ўтган йили у Бандихон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тугатиб, қишлоғида паррандачиликни йўлга қўйди. Қизириқ иқтисодиёт коллежи битирувчиси Алишер Сайитов эса ҳозир ҳунармандчилик соҳасида фаолият олиб бораяпти. Унинг корхонасида тайёрланаётган уй-рўзғор буюмлари ички бозорда жуда харидоргир.
Яна бир эътиборли жиҳати, ёш тадбиркорлар ўзларининг маҳсулотларини ташқи бозорга ҳам йўналтирмоқда. Узун туманилик  коллеж битирувчиси Ойбек Сулаймонов асаларичилик билан шуғулланади. Айни пайтда у ўзи асос солган “Соф Осиё асали” хусусий корхонасида 10 нафар тенгдоши билан меҳнат қилмоқда. Тадбиркорлик жамоаси хорижлик ҳамкорлари билан асалари оилаларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Корхона биргина ушбу келишувдан 60 минг АҚШ доллари миқдорида даромад олиши кутилаётир.
Мухтасар айтганда, бугун сурхондарёлик ёшлар юксак марраларга эришиш йўлидаги интилувчанлиги билан нафақат жамиятда муносиб ўрин эгаллашмоқда, балки аҳоли фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшишаяпти.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.  

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn