Тадбиркор аёллар нафақат оиласи фаровонлигига, балки юртимиз равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда
  • 10 Апрель 2015

Тадбиркор аёллар нафақат оиласи фаровонлигига, балки юртимиз равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда

Республикамизда ўз меҳнати, интилиши ва ташаббуси билан эътибор қозонаётган тадбиркор аёллар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу, албатта, жамият ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий самарасидир.

...Оҳангаронлик ҳунарманд Зарифахон Баҳодирова Германиядан хат олди. Бундан сал аввал юртимизда меҳмон бўлган сайёҳлардан бири йўллаган ушбу мактубда қуйидаги сўзлар битилган эди: “Менга тақдим этган эсдалик совғангиз — толхивичдан ясалган пазандалик анжоми оила аъзоларимга жуда манзур бўлди. Ўзбек халқининг ҳунармандчилик санъатига қойил қолиб, ижодий ишларингизга катта қизиқиш билдиришди. Ҳатто, рафиқам устахонангизда кўрганим — оддий навдалардан тўқилган тебранма курсини харид қилмаганим учун норози бўлди. Майли, буниси келаси сафарга қолди. Ҳозирча ҳаммаси учун раҳмат. Эҳтиром билан Бернд Хенн”.
Аслида, Зарифа опа учун бундай мактублар биринчиси эмас. Чунки у юртимиз ва хорижда ўтказилган кўплаб халқаро кўргазмалар ва бизнес-конференцияларда иштирок этиш асносида чет эллардан ўнлаб ҳамкору мухлислар орттиришга эришган. Оддий тол навдаларидан тайёрланаётган бежирим уй-рўзғор анжомларидан тортиб, моҳирона ишланган нафис мебелларни ҳеч иккиланмай мўъжизага менгзаш мумкин. Ҳунарманд томонидан ясалган буюмлар ҳар қандай харидорни мафтун этаётганининг боиси ҳам шунда аслида. Кейинги пайтларда асосий эътиборни экспортга қаратаётган тадбиркор аёлни гапга солсангиз, шу кунларда ўз маҳсулотини ташқи бозорга йўналтириш ҳаракатида юрганини тўлиб-тошиб сўзлайди...
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили вилоятда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадларига тижорат банклари томонидан 56 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. Бу ишбилармон аёллар фаолиятида муҳим омил бўлаётир.
Капитал қўйилмаларнинг бир қисми аёллар бошқараётган микрофирмалар, ишлаб чиқариш субъектлари ва фермер хўжаликларига йўналтирилди, яна бир қисми якка тартибдаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида чорвачиликни ривожлантиришга сарфланди.
— Хотин-қизларимиз ўз оиласи даромадини ошириш баробарида, жойларда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Паркент тумани бўлими раҳбари Зулхумор Мирёқубова. — Масалан, айни пайтда туманимизда 30 нафар ҳунарманд аёл ўз шахсий бизнесига эга. Уларнинг ишбилармонлик лойиҳаларининг рўёбга чиқиши ва фаолият турларининг шаклланиб боришида давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёз ҳамда преференциялар муҳим ўрин тутаяпти. Ўз навбатида, мустақил равишда ишламоқчи бўлган ҳунармандларимизга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш билан бирга, банк-молия хизматларидан фойдаланишларига кўмаклашаяпмиз. Бундан ташқари, уларни ихчам ускуна ва дастгоҳлар билан таъминлашга ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқдамиз. Хусусан, банк кредити ҳисобидан 38 та замонавий тикув машинаси харид қилиб, чеварларимизга етказиб бердик. 
Бундай саъй-ҳаракатлар жойларда аёллар бандлигини таъминлаш, уларга ижтимоий мададни кучайтиришда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Ўтган йили вилоятда яратилган 87421 иш ўрнининг 45 мингдан зиёдига айнан хотин-қизлар жалб қилинди. Жумладан, уй меҳнатининг барча шакли, хусусан, касаначиликни ривожлантириш ҳисобидан 2 минг 673 нафар аёл доимий даромад манбаига эга бўлди. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали эса жойларда 18 мингга яқин иш ўринлари юзага келди.
Бекобод шаҳрилик Ўғилой Мирзамуродова ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, “Зулфия Бону чевар” тикувчилик цехини ташкил этди. Банк ажратган кредит ҳисобидан замонавий бичиш-тикиш ускуналари харид қилинди. Маҳалладаги хотин-қизларга ҳунар ўргатиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини иш билан таъминлашни мақсад қилган тадбиркор аёлнинг мўъжазгина корхонасида болалар кийими, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари учун махсус чойшаблар ҳамда бошқа тикувчилик маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Бугун вилоятда фермер аёллар сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Соҳа мутасаддилари томонидан эътироф этилган қизиқ бир ҳолат шундаки, айнан аёллар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликларида бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча тармоқларни ишга туширишга интилиш кучли экан. 
Янгийўл туманидаги Шўралисой қишлоғида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Султонова ҳамиша янгиликка интилувчи фермерлардан бири. Мамлакатимизда қишлоқ мулкдорларининг эмин-эркин ишлаши учун яратилаётган қулайликлардан самарали фойдаланаётган ер эгаси экин майдонларини ҳам, фаолият кўламини ҳам муттасил кенгайтириб бормоқда. Яқинда хўжаликда яна бир қўшимча тармоқ — паррандачилик йўлга қўйилди. Айни пайтда бу ерда хориж технологияси асосида 20 мингтадан зиёд товуқ парваришланаяпти.
— Вилоятимизда аёлларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган илмий-амалий конференциялар, семинар-тренингларнинг аҳамияти катта бўлаяпти, — дейди вилоят ҳокимлиги котибият мудири Н. Қулбекова. — Охирги бир йил мобайнида туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, қишлоқ ва маҳаллалар, таълим муассасаларида 900 га яқин ана шундай тадбирлар ўтказилди. Уларда адлия, банк-молия, суғурта ташкилотлари, ишлаб чиқарувчи ва таъминотчи корхоналар мутасаддилари иштирок этгани хотин-қизларимизни қизиқтирган масалаларга биргаликда ечим топиш имконини берди.
Рағбат инсонни ҳамиша улкан мақсадлар, янги орзу-умидлар сари бошлайди. Бинобарин, юртимизда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор уларни мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун завқ-шавқ билан меҳнат қилишга ундамоқда.

Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Таълим ислоҳоти ва АКТ »