Жасорат, бурч, матонат
  • 09 Апрель 2015

Жасорат, бурч, матонат

Ўзбекистонда жорий йилда умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни «Жасорат, бурч, матонат» шиори остида кенг нишонланади.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида ҳар йили 9 майда нишонланадиган умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни ўз ҳаётини Ватан озодлиги учун қурбон қилган юртдошларимиз хотирасига кўрсатилаётган эҳтиром, бугунги дориламон кунлар, тинч-осойишта ҳаётимиз ва халқимиз фаровонлиги учун фахрланиш ҳамда миннатдорлик рамзига айланди. Негаки, Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари ва синовларини бошидан кечирмаган бирорта ҳам оила йўқ.
Айнан шу боис ушбу муҳим сана ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ва умуман, мамлакатимизда тантанали нишонланади. Жорий йилда бу сана Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги муносабати билан янада кенг байрам қилинади.
Фашизмга қарши урушда мардона жанг қилган, оғир машаққат ва мусибатларни бошдан кечирган қаҳрамонлар ва халқимиз асрлар давомида орзу қилган эркинлик учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша ёдимиздадир. Мамлакатимизда фахрийларга доимий ғамхўрлик кўрсатилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги «1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида», 2015 йил 6 мартдаги «1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида» ва 2015 йил 19 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонлари бунинг ёрқин далилидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 26 мартдаги умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши мамлакатимизда уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганини тасдиқловчи яна бир муҳим ҳужжатдир.
Мазкур ҳужжат Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларни юксак ташкилий савияда ўтказиш, шунингдек, 1941 —1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини нишонлаш, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уруш йилларида улар кўрсатган матонат ва жасоратни кенг тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури тасдиқланди. Ушбу тадбирлар «Жасорат, бурч, матонат» шиори остида ўтказилади. Дастурни амалга оширишда давлат органлари, жамоатчилик, ижтимоий ва тиббиёт муассасалари, маданият, санъат ва спорт намояндалари, ҳарбий хизматчилар муҳим ўрин тутади.
9 май арафасида мамлакатимизда 1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан «Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали ва бир марталик пул мукофоти  тантанали равишда топширилади.
Бундан ташқари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, шунингдек, Саховат ва Мурувват уйларида яшаётган кексалар ҳолидан хабар олинади, уларга эсдалик совғалари топширилиб, тантанали тадбирлар ва концерт дастурлари ташкил этилади.
Ушбу шонли санани байрам қилишга тайёргарлик кўриш доирасида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари кўрсатган матонат ҳамда жасорат аҳамиятини аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш бўйича маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилади.
Масалан, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда ёшларни Ватанга муҳаббат, аждодлар жасоратига садоқат, кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш мақсадида 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийлари ва вакиллари иштирокида «Авлодлар учрашуви», «Кексаларга эътибор ва ғамхўрлик», «Хотира ва қадр» мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Олий таълим муассасаларида «Тарихий хотирасиз — келажак йўқ» республика илмий-амалий видеоконференцияси ўтказилади. Мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида ташкил этиладиган Тинчлик дарсларига 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ҳарбий хизматчилар таклиф этилади.
Бундан ташқари, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари иштирокида «Ўтмишсиз келажак йўқ», «Қадр — азиз, хотира — муқаддас», «Аждодларимиз жасоратини давом эттирамиз», «Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси» мавзуларида учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Умумхалқ байрами арафасида мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, талабалар, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг Хотира майдони, Ўзбекистон тарихи ва Қуролли Кучлар давлат музейлари, Қатағон қурбонлари музейига бориши режалаштирилмоқда.
Марказий теле ва радиоканаллар ҳамда ҳудудий телерадиокомпанияларда «9 май — Хотира ва қадрлаш куни» рукни остида туркум ҳужжатли ва бадиий фильмлар, ахборот дастурларида лавҳалар намойиш этилади. Инсон хотираси азиз, ўтганлар хотирасини қадрлаш, қаҳрамонларимиз жасоратини теран англаш каби халқимизга хос муқаддас тушунчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини очиб берадиган ток-шоулар ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг фармойишини амалга ошириш доирасида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, шунингдек, кекса авлод вакиллари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Масалан, ижодий гуруҳлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган концерт дастурлари, саҳна асарлари ва кинофильмлар намойишини ташкил қилади. Маданият ва истироҳат боғлари, кўча ва майдонларда «Ер юзида тинчлик учун» шиори остида театрлаштирилган томошалар, маданий-маърифий тадбирлар, спорт тадбирлари ўтказилади. Ёшлар ўртасида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган спорт турнирлари ва хайрия марафонлари бўлиб ўтади.
1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса отахон ва онахонлар учун болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари иштирокида «Уруш йиллари оҳанглари» концерт дастури ташкил этилади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, клиникалар, илмий тадқиқот институтларида даволаниш учун имтиёзли ордерлар ажратиш, доимий кўмаклашиш, жумладан, уйида тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт ходимини бириктириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Фахрийлар биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар ва тиббий буюмлар солинган махсус қутичалар, амбулатория шароитида даволанишда шифокорлар кўрсатмаси бўйича дори воситалари билан бепул таъминланади. Шунингдек, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига манзилли инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, имконияти чекланган кексаларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация техник воситаларини ажратиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлидаги хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларидан хабар олинади, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса отахон ва онахонлар учун мамлакатимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилади.
Мухтасар айтганда, фахрийларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиб бераётган давлатимиз томонидан уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бугун улар туфайли мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, ҳаётимиз фаровон. Жанг майдонларида жон берган, урушдан қайтмаганларни эслаш, бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган нуроний отахон ва онахонларимизга ғамхўрлик кўрсатиш бизнинг муқаддас бурчимиздир.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Академик Абатбай Даулетов Қисқа сатрларда »