Буюк Соҳибқирон даҳосига эҳтиром
  • 08 Апрель 2015

Буюк Соҳибқирон даҳосига эҳтиром

Шу кунларда мамлакатимизда Амир Темур таваллудининг 679 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ташкил этилди.

“Амир Темур — буюк давлат арбоби ва улуғ саркарда” деб номланган анжуманда ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар академияси тингловчилари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, ҳарбий йўналишдаги академик лицей ўқувчилари қатнашди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, беқиёс илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар тарихини чуқур ўрганишда ҳам яққол  ифодасини топаётир. Хусусан, таълим масканларида Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилигимиз, маданият, илм-маърифат ривожига қўшган улкан ҳиссаси турли дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари орқали келажагимиз ворисларига ўргатилаяпти.
— Биз бўлғуси офицерлар учун буюк саркарда Амир Темур ҳаёти улкан ибрат намунасидир, — дейди Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсанти Бурҳониддин Маҳмудов. — Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганиш орқали аждодларимизнинг мард, жасур, ватанпарвар, ҳалол ҳамда танти бўлганликларини, эзгулик, бунёдкорликка алоҳида аҳамият қаратганликларини янада теранроқ англаяпмиз. Бизнинг мақсадимиз ҳам уларга муносиб авлод бўлишдир.
Тадбирда Амир Темур ва темурийлар маънавий-илмий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни хусусида атрофлича сўз юритилди.
Иштирокчилар музейда ташкил этилган “Шоҳруҳия — Темурийлар даври бунёдкорлиги ёдгорлиги” мавзуидаги кўргазма билан танишишди. Якунда Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Осуда ва фаровон ҳаёт қадри Қисқа сатрларда »