Осуда ва фаровон ҳаёт қадри
  • 08 Апрель 2015

Осуда ва фаровон ҳаёт қадри

Инсон борки, ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топишни, пешона тери тўкиб топган насибасини оиласи билан баҳам кўришни, қисқача айтганда, фаровон ҳаёт кечиришни орзу қилади.

Бу эзгу ниятнинг ижобат бўлиши учун эса юрт тинчлиги ва осудалиги керак. Нуроний кишилар дуога қўл очганида, энг аввало, тинчлик ва омонлик сўраши бежиз эмас, албатта.
Шукрки, мустақил Ўзбекистонимиз осмони мусаффо. Эртанги кунимиз, фарзандларимиз тақдиридан кўнглимиз тўқ. Бу истиқлолнинг беқиёс инъомидир.
Бугунги дориламон кунларнинг сурури, гашти бошқача. Лекин бунга осонликча эришилаётгани йўқ. Ҳар биримиз “Ким эдигу ким бўлдик?” деган саволни қалбимиз қўридан ўтказсак, унинг қадрини янада теранроқ ҳис қиламиз. Ахир ҳозирги мураккаб шароитда мустақиллигимиз мустаҳкамланиб, тенглар ичра тенг бўлиб турганимизнинг ўзи улкан жасорат маҳсули эмасми?!     
Халқимиз истиқлолга қадар не-не синовларни бошидан ўтказмади, дейсиз? Таҳликали кунлар, иқтисодий танглик руҳимизни туширгани бор гап. Мустақиллик эса қаддимизни ва қадримизни тиклаб берди. Шунинг учун юртдошларимиз бу табаррук неъматнинг моҳияти ва қадрини жуда яхши тушунади. Уни кўз қорачиғидек асрашни ўз бурчи деб билади.
Ҳар тонг яхши ният билан ишга, ўқишга отланар эканмиз, меҳрибон ота-оналаримизнинг дуоси қувват беради. Ҳар қадамда улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари давом этаётганини кўргач, қалбимизни фахр ҳисси чулғаб олади. Буларнинг бари тинчлик деб аталмиш неъматнинг қанчалар тотли, ҳузурбахшлигини чуқурроқ идрок этишимиз учун асос бўлади. Осойишта ва фаровон ҳаётимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишга руҳлантиради.

Шукурали ИБРАГИМОВ,
Фарғона тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамияти раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn