Эътибор ва рағбат
  • 06 Апрель 2015

Эътибор ва рағбат

юртимизда тадбиркор хотин-қизларнинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда

Пойтахтимизда “Замона аёли: Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшамиз” деб номланган тадбир доирасида республика ҳунармандлари ва тадбиркор аёллари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўргазма-савдоси иш бошлади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Республика Марказий банки, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирнинг очилишида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари, тадбиркор -аёллар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, санъатшунослар, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида хотин-қизлар фаоллигини кучайтириш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, истеъдод ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариш мақсадида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар сабаб уларнинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бораяпти. Биргина ўтган йили Марказий банк томонидан Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган ўн бешта ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, тадбиркорлар учун қарийб бир триллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Жорий йилда ҳам ушбу мақсадлар учун 1 триллион 300 миллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.
Кўргазма-савдода бир юз эллик нафардан зиёд тадбиркор ҳамда ҳунарманд иштирок этмоқда.
— Қашқадарёда ҳунармандчиликнинг ўзига хос мактаблари бўлиб, улар орасида  каштачилик, гиламдўзлик етакчи ўринни эгаллайди, — дейди вилоят “Тадбиркор аёл” -уюшмаси раиси Ойниса Очилова. — Бугун аёлларимиз ана шу ҳунарларни эгаллаб, кам бўлишмаяпти.
Ўтган йили уюшмамиз қошида “Устоз — шогирд” анъанаси асосида 2 мингдан зиёд коллеж ўқувчилари ҳамда битирувчилари бўлган қизларни жамлаб, ҳунармандчиликнинг 17 та йўналиши бўйича махсус ўқув ташкил этдик. Улар орасидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 50 нафар қизга “Микрокредитбанк”дан имтиёзли кредит олишларига ёрдамлашдик. Айни пайтда ёш тадбиркорларнинг ҳар бири уч-тўрттадан янги иш ўринлари яратди.
Тадбир доирасида ҳунармандчиликнинг бир қатор йўналишлари бўйича “Маҳорат сабоқлари”, ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Кўргазма-савдода Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn