Илмий ишланмалар тақдимоти
  • 06 Апрель 2015

Илмий ишланмалар тақдимоти

Наманган шаҳрида жорий йил пойтахтимизда ўтказиладиган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тавсия қилинган ишланмаларнинг соҳавий тақдимотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ҳудудий -инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ўтказилган -тадбирда Фарғона водийсидаги бир қатор илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар 120 дан зиёд ишланмалари билан қатнашди.
Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги амалий ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан  2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор олий таълим, фан ҳамда илмий тадқиқот муассасаларининг интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш, илмий изланишлар натижаларини амалиётга дадиллик билан жорий этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида саноат корхоналари, фермер хўжаликлари ва кичик бизнес субъектлари вакиллари таклиф этилаётган инновацион лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, пахта тозалаш корхоналаридаги технологик жараёнларни такомиллаштириш каби йўналишлардаги бир қатор ишланмалар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, Фанлар академияси қошидаги республика энергетика ва автоматика институти таклиф этган мини ГЭС ҳамда электр тежамкорлиги лойиҳаси ташриф буюрганларда катта қизиқиш -уйғотди. Боиси, кичик сой ва каналларга мўлжалланган ушбу қурилмани ишга тушириш орқали исталган ҳудудда қўшимча электр қувватларини ҳосил қилиш имконияти юзага келади. Яна бир жиҳати, бу лойиҳани амалга оширишда тижорат банкларининг имтиёзли кредитидан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, кўргазмада илм-фан тараққиёти йўлидаги изланишларнинг назарий -жиҳатлари ҳам муҳокама этилди. Унда олимлар ва ёш тадқиқотчилар қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, кимё, биология, биотехнология соҳасидаги изланишлари борасида ўзаро фикр алмашдилар.
Кўргазма якунида илмий муассасалар ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида 392 миллион 100 минг сўм қийматидаги 20 дан ортиқ шартномалар имзоланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn