Атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик барқарорлик
  • 06 Апрель 2015

Атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик барқарорлик

Уни таъминлаш ҳар биримизга катта масъулият юклайди.

Атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик барқарорликни таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис истиқлол йилларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга қаратилган кўплаб қонун ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг изчил ижроси таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Тоза ҳаво” тадбири айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Кеча Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида 2015 йилда “Тоза ҳаво” тадбирини ўтказиш бўйича ташкилий ишларнинг бориши ва галдаги муҳим чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази масъул ходимлари, -шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, “Тоза ҳаво” тадбири жорий йилда ҳам икки босқичда ўтказилади. Жумладан, унинг дастлабкиси 10 апрелдан 10 майгача, кейингиси эса 10 сентябрдан 10 октябргача давом этади. Ушбу давр мобайнида транспорт ва бошқа ҳаракатланувчи воситалар томонидан атмосферага чиқариладиган зарарли газларни камайтиришга йўналтирилган назоратлар уюштирилади. Демак, миллий қонунчилигимизга кўра, автотранспорт воситаларининг эгалари ўз машиналарида ишлатилган газларнинг таркиби белгиланган меъёрларга мувофиқлигини текширишни таъминлашлари зарур.
Шу билан бирга, тадбир давомида нафақат шахсий автомобиллар, балки автокорхоналарга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳам текширувдан ўтказилади. Бу жараёнда, шунингдек, автотранспорт корхоналари ва уларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари, автомобилларни таъмирлаш корхона ҳамда ташкилотлари ҳам қамраб олинади.  
Автотранспорт воситалари ҳолатининг назорати йўл-патруль хизмати инспекторлари билан ҳамкорликда кўчма ва муқим йўл-патруль масканларида олиб борилади. Текширувлар чоғида камчилик ёки қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, маъмурий чоралар кўрилиб,  уларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилади.
Назорат ва таҳлил чоғида энг замонавий ускуналардан фойдаланиладики, бундан кўзланган мақсад атмосферага белгиланган меъёрдан ортиқча газ чиқарилишининг олдини олишдир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn