Аҳолининг фуқаролик фаоллиги ва жамоат ташкилотлари
  • 02 Апрель 2015

Аҳолининг фуқаролик фаоллиги ва жамоат ташкилотлари

Пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Аҳолининг фуқаролик фаоллигини оширишда жамоат ташкилотларининг роли” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда республикамиз илмий, таълим муассасалари олимлари ва мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, хорижлик экспертлар қатнашди.
Семинар Ўзбекистонда сайлов жараёни шароитида ўтказилди. Президент сайловини -кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган хорижлик иштирокчилар эътироф этганидек, мазкур муҳим сиёсий тадбирда мамлакатимиз аҳолиси юксак фуқаролик фаоллигини намойиш қилди.
Республикада аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини, фуқаролик фаоллиги ҳамда ўзликни англаш туйғусини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди. Мамлакатни ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ечиш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда аҳолининг иштирокини кучайтиришда турли жамоат ташкилотлари, жамғармалар, оммавий ижтимоий ҳаракатлар ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. 
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин равнақ топишининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган пухта норматив-ҳуқуқий пойдевор яратилган. ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини иқтисодий, ташкилий-ҳуқуқий  жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг илғор институциявий базаси шакллантирилган.
Хусусан, 2008 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил этилган Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ННТ иқтисодий мустақиллиги, эркинлиги, улар фаолиятининг ташкилий-техник базасини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси хорижлик экспертлар диққат-эътиборини тортди.
Семинар иштирокчиларининг фикрича, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кўламини янада кенгайтириш ва фаоллаштиришга кучли туртки берди. Зеро, -концепцияда белгиланган устувор вазифалар асосида сўнгги беш йилда фуқаролик жамияти институтларини жадал тараққий эттиришга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва бошқа муҳим қонунлар қабул қилинди.
2013 йил 12 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожини янада қўллаб-қувватлашда катта роль ўйнайди. Сўнгги тўрт йилда рўёбга чиқарилган саъй-ҳаракатлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 1,6 марта кўпайиб, 8 мингтадан ошди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан давлат бошқаруви органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни равнақ топтириш, ННТни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурлари ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга жалб этишга йўналтирилган қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий асос яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси германиялик олим ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар томонидан қайд этилганидек, юртимизда жамоатчилик назорати институти конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилгани жаҳон амалиётида кам учрайди ва бу давлат ҳамда жамият бошқарувида фуқаролар, жамоатчилик тузилмалари иштирокини янги, янада юқори босқичга кўтаради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган немис социологи, Берлин ижтимоий тадқиқотлар илмий маркази ходими Экхард Приллер фуқароларнинг ижтимоий  фаоллигини юксалтириш борасида Германия тажрибаси, шунингдек, Ўзбекистонга ташрифи натижалари ҳақида сўзлаб берди.
— Ўзбекистонга биринчи келишим эмас, — деди Э. Приллер. — Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар пухта қонунчилик пойдеворига эга экани соҳа эксперти сифатида менда катта таассурот қолдирди. Мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига кўра ноёб бўлган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари -фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётганини яққол намойиш этади. Қонунчилик соҳасида халқаро стандартлар қоидалари халқингизнинг менталитети ҳамда миллий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда қўлланилмоқда. Ушбу семинар ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берди. Тадбир давомида олган материал ҳамда маълумотлар келгуси илмий фаолиятимизда қўл келиши, шубҳасиз.
Семинар қатнашчилари таъкидлаганларидек, Ўзбекистон ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини янада кенгайтирар экан, замонавий тенденциялар билан ҳамқадам, ҳатто қатор ҳолатларда ундан илгарилаб кетаяпти. Бу, айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг давлат билан ўзаро муносабатларини қонуний тартибга солишга тааллуқлидир. Ваҳолонки, дунёнинг кўплаб давлатларида  -ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини яратиш ўзининг аниқ меъёрий-ҳуқуқий тасдиғини топмаган.
— Мазкур семинар Ўзбекистон ва Германиянинг илмий ҳамда жамоат доиралари ўртасида амалий мулоқотни янада ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий-амалий ва услубий материалларни алмашиш майдонига ҳам айланди. Бу каби тадбирлар дунёдаги энг яхши тажрибаларга асосланган режаларни ишлаб чиқиш, уларни ҳар икки давлатдаги фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришнинг замонавий талабларига мослаштиришга хизмат қилади, — дея таъкидлади Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Пьер Тешендорф.
Тадбир якунида амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn