Замонавий хизматнинг халқаро эътирофи
  • 02 Апрель 2015

Замонавий хизматнинг халқаро эътирофи

Парвозлар хавфсизлиги, қулайлик ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, жумладан, “Бухоро” халқаро аэропортининг ўзига хос ташриф қоғозига айланган. Биргина ўтган йили мазкур аэропорт 92 минг нафардан зиёд йўловчиларга хизмат кўрсатди.

— Жамоамиз эришаётган ютуқлар давлатимизнинг доимий эътибори самарасидир, — дейди халқаро аэропорт директори Тоҳир Баҳромов. — Буни биз технологик паркнинг янгиланаётгани, ҳаво лайнерларига кўрсатилаётган хизматларнинг такомиллаштирилаётгани, инфратузилма ривожлантирилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида масъулият билан ёндашилаётгани мисолида кўришимиз мумкин.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли ушбу аэропорт халқаро мақомга эга бўлди. Чунончи, 1997 йилда бу ерда соатига 150 нафар йўловчига хизмат кўрсатадиган терминал қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўша йили  учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилинди. Ўз навбатида, учиш йўлагида “Siemens” компаниясининг замонавий жиҳозлари ўрнатилди. Самолётларнинг ҳаводаги ҳаракатларини бошқариш ва парвозларни радиоэлектрон ускуналар билан таъминлаш базаси учун энг сўнгги русумдаги технологиялар жорий этилди ҳамда локация тизимининг янги комплекси ишга туширилди. Буларнинг барчаси аэропортга биринчи даражали ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятини яратди. Модернизация ишлари ниҳоясига етганидан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан унга халқаро аэропорт мақоми берилди. Айни пайтда “Бухоро” дунёнинг йирик авиакомпаниялари ҳаво кемаларини ҳам қабул қилиб, уларга халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатмоқда. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган қадимий Бухоро учун бу муҳим аҳамият касб этади, албатта.
— Аҳамиятлиси, инфратузилмани янада ривожлантириш ишлари давом этаётир, — дейди аэропорт штаби бошлиғи Сайфиддин Бадриддинов. — 2014 йилдан бошлаб самолётларга авиаёнилғини шу ерда қуйиш йўлга қўйилди. 78 та махсус техникага мўлжалланган парк қурилиб, фойдаланишга топширилди. Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, юқори даражада хизмат кўрсатиш борасидаги ишларимиз эса халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. 2008 йилдан буён танловларда юқори ўринларни эгаллаб келаяпмиз.
Чиндан ҳам, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, аэропорт инфратузил-масини ривожлантириш борасидаги ишлар ўз самарасини бераяпти. Кейинги олти йил -мобайнида “Бухоро” халқаро аэропорти уч бор “МДҲ мамлакатларидаги энг яхши аэропорт” номинациясида биринчи ўринни қўлга киритди. Ўтган йили эса у 2013 йил натижаларига кўра, “Барқарор ривожланаётган аэропорт” деб топилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш ва жаҳон авиабозорида мустаҳкам ўрин эгаллашидаги саъй-ҳаракатларнинг ёрқин натижасига ҳаётий мисолдир.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn