Аҳоли бандлиги даражасини ошириш
  • 01 Апрель 2015

Аҳоли бандлиги даражасини ошириш

юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб  аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини кўпайтириш ва турмуш даражасини юксалтириш масалаларига устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки аҳоли ҳаёт тарзи қанчалик яхшиланиб боравергани давлат иқтисодиёти шунчалик тараққий этаётганини ифодалайди.
Айтиш жоизки, ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳуқуқий асослар яратилиб, саноат тармоқларида кўплаб  истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани, ишбилармонларнинг эркин фаолият юритиши учун етарлича имтиёз ва кафолатлар берилаётгани, айниқса, қўл келмоқда. Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, республикамизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида нафақат аҳоли бандлиги даражаси оширилаяпти, балки ҳудудлар инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида Инвестиция  дастури доирасида Хоразм вилоятида “Damas” ҳамда “Orlando” русумидаги енгил автомобилларни ишлаб чиқариш, Жиззах вилоятида йирик цемент заводини барпо этиш, Сирдарё иссиқлик электр станциясини тўлиқ модернизация қилиш, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Манғит” корхонаси негизида калава ип тайёрлашни йўлга қўйиш лойиҳаларининг рўёбга чиқарилгани бунинг тасдиғидир.
— Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида гап кетганда, бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти муҳим омил бўлаётганини ҳам қайд этиш жоиз, — дейди Иқтисодиёт вазирлигининг демография ва меҳнат бозори бўлими бошлиғи Зафар Шарипов. — Негаки, айни пайтда соҳа вакиллари иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланиб, уларнинг республикамиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши йил сайин ортмоқда. Яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятини тобора ривожлантириб бораётган бундай тадбиркорлар сафи эса янада кенгаяётир.
Қолаверса, аҳолини, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жалб қилишда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Гап шундаки, бултур мазкур дастурлардан келиб чиқиб, жойларда 200 мингдан зиёд доимий иш жойлари яратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 232 мингтадан ошириш мўлжалланмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, бу йил республикамизда, Инвестиция дастурига кўра, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини замонавийлаштириш, янги корхоналарни фойдаланишга топшириш учун умумий қиймати 7,4 миллиард АҚШ долларилик 158 та йирик лойиҳани амалга ошириш орқали 6 минг нафардан зиёд кишиларни иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Демак, мамлакатимизда бу борадаги ишлар кўлами бундан буён ҳам кенгайиб, аҳолининг турмуш даражаси янада яхшиланиши, шубҳасиздир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn