Статистик ҳисоботлар электрон шаклда тақдим этилади
  • 01 Апрель 2015

Статистик ҳисоботлар электрон шаклда тақдим этилади

Қашқадарёда давлат статистика ҳисоботлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани йилига қарийб 4 тонна қоғозни тежаш имконини берди.

Вилоятда бундан уч йил аввал электрон усулда ҳисобот топширган тадбиркорлик субъектлари улуши 44 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб 98,4 фоизга етди. Ўз навбатида, давлат статистика ҳисоботлари турлари 141 тага қисқартирилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
— Эндиликда ҳисоботларни исталган жойдан электрон шаклда жўнатиш мумкин, — дейди вилоят статистика бошқармаси бошлиғи Фарҳод Тўраев. — Бу қулайлик сўнгги йилларда мамлакатимизда электрон тизимни ривожлантириш ва соҳага энг замонавий коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги ислоҳотлар самарасидир. Хусусан, 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий  ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартибларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда бозор иқтисодиёти талабларига, халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқ, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, ҳисобот тизимини ва ҳисоботларни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш ҳисобига ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитни вужудга келтириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда вилоятда иқтисодий фаол аҳоли қатламининг 78,4 фоизи, яъни 15 минг нафардан зиёди тадбиркорлик соҳасида фаолият юритмоқда. Улардан статистик ҳисоботларни электрон шаклда қабул қилиш механизмини кенгроқ жорий этиш ва бу борадаги имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида сўнгги йилларда вилоят статистика идоралари зарур компьютер техникалари, сервер аппаратлари ҳамда алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланди. Айни пайтда Давлат статистика қўмитаси ва унинг қуйи муассасалари ўртасида юқори тезликда маълумот алмашиш имконини берувчи корпоратив тармоқ ишламоқда. 2015 йил учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 125 турдаги барча давлат статистика ҳисоботлари эндиликда тўлиқ электрон шаклда қабул қилинади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn