Маҳалла — фуқаролик жамиятининг ноёб институти
  • 28 Март 2015

Маҳалла — фуқаролик жамиятининг ноёб институти

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан “Маҳалла — фуқаролар ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти” мавзуида брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, маҳаллалар фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда халқимизнинг бетакрор урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассамлаштирган маҳалла институтининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти истиқлол туфайли тобора юксалиб бораётгани таъкидланди. Бу борада соҳа қонунчилиги бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун фуқаролар йиғинларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, уларнинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ маҳаллаларни аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш ва уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ишлари самарали тарзда амалга оширилаётир.
Бугун юртимизда 9800 га яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тааллуқли бўлган 30 дан зиёд вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда.
— Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловига пухта ҳозирлик кўрилган, — дейди Аҳмад Тарабик (Миср). — Сайловчилар учун барча қулайлик яратилган, улар тайёргарлик жараёнининг боришидан тўла хабардор қилиб борилаётир. Бу ишларни самарали ташкил этишда маҳалланинг ўрни салмоқли экани менда катта қизиқиш уйғотди. Бу мамлакатингизда маҳалла институтини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижасидир.
Тадбирда мамлакатимиз ва ривожланган хорижий давлатларда ўтказилган халқаро анжуманлар маҳалла фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг энг илғор тажрибаларини кенг оммалаштиришда муҳим омил бўлаётгани алоҳида айтиб ўтилди.
Жанубий Корея, АҚШ, Хитой, Бельгия, Буюк Британия, Франция ва Германия давлатларида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” номли китоб ҳамда “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” ҳужжатли фильми тақдимотига бағишлаб ташкил этилган давра суҳбатлари ва учрашувлар шулар жумласидандир.
Маҳаллаларда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштиришда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари”, “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” каби кўрик-танловлар аҳамияти ҳам катта бўлмоқда.
— Мамлакатингизда муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг боришини кузатиш асносида бир қатор маҳаллаларда бўлдик, — дейди Чжао Хуашен (Хитой). — Бу менда катта таассурот уйғотди. Айниқса, унинг бир қатор вазифаларни муваффақиятли бажариб келаётгани кишини беэътибор қолдирмайди. Шуларга таяниб, мен маҳаллани халқингизга хос демократия мактаби, деган бўлардим.
Брифингда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг фаолияти хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, биргина 2014 йилда Фонд тузилмалари томонидан аҳолининг маънавий-ахлоқий ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича маҳаллаларда 280 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Кам таъминланган оилалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ҳамда якка-ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш учун Фонд ҳисобидан 7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш доирасида ҳам муайян ишлар рўёбга чиқарилди. Жумладан, 1330 та фуқаролар йиғини компьютер жамламаси, 2442 таси замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, 314 та фуқаролар йиғини биноси жорий, 85 таси капитал таъмирланди, 30 таси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.
Брифингда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сайловни юқори савияда ташкил этиш ва участка сайлов комиссияларига кўмаклашиш борасидаги фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn