Ҳар бир фарзанд меҳр ва эътиборда
  • 26 Март 2015

Ҳар бир фарзанд меҳр ва эътиборда

Пойтахтимизда “Sen Yolg‘iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан ташкил этилган “Аутизм: инновацион ёндашувлар ва ҳаракат стратегияси” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. У БМТ эълон қилган Аутизм муаммолари тўғрисидаги ахборотни тарқатиш Бутунжаҳон куни арафасида ўтказилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда турли вазирлик ҳамда идоралар, комиссиялар, жамоат тузилмалари, хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, Австрия, Хитой, Франция, Греция каби давлатлардан ташриф буюрган тиббий ҳамда ижтимоий соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва “Sen Yolg‘iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси Васийлик кенгашининг раиси Л. Каримова-Тиллаева, Ўзбекистон халқ таълими вазири У. Иноятов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов ва бошқалар мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш йўлида барча шароит ва имконият -яратилаётганини таъкидладилар.
Аутизм — жисмонан ва руҳан соғлом болада ташқи муҳит билан мулоқот-коммуникация кўникмаларининг етарлича шаклланмаганидир. Юртимизда аутизм белгилари аниқланган болаларга кўмак кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи “Sen Yolg‘iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси бу борада бир қатор ижтимоий лойиҳалар, соғломлаштириш акцияларини муваффақиятли амалга ошираётир.
— Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга болаларга ғамхўрлик кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир, — дейди ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич. — Мазкур халқаро конференция юқори савияда ташкил қилинганини ҳам айтиш жоиз. Очиғи, бундай тадбирларнинг фойдаси катта, деб ўйлайман. Сабаби, имконияти чекланган болаларнинг кўнглига йўл топиш, уларни ёлғизлатиб қўймаслик, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш билан бирга, ҳаётий мақсад ва интилишларини тўғри белгилаш, фаоллигини кучайтириш, касбга оид кўникмаларини шакллантиришда орттирилган тажрибаларни ўртоқлашиш муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда қайд этилганидек, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази қошида ташкил қилинган Ахборот-консалтинг хизмати (АКХ) томонидан аутизм аломатлари аниқланган болаларга муайян соҳалар мутахассислари ҳамкорлигида коррекцион-даволаш ёрдами кўрсатилмоқда.
Марказда даволаш ишлари психолог билан индивидуал машғулотлар, гуруҳли ўйинлар шаклида олиб борилади. Бундан ташқари, махсус ихтисослаштирилган (мусиқа, эртак ва қум терапияси, сенсор) хоналардаги машғулотлар, бассейнда чўмилиш, табиат қўйнига саёҳат каби дастурлар болалар саломатлигини тиклашда ўз самарасини бераяпти. Таҳлилларга кўра, ушбу чора-тадбирлар натижасида 60 фоиз болаларнинг диққат-эътибори яхшиланди, ўтиришни бошлади, пассив луғат захираси кенгайди. Бир неча болалар аввал бесаранжомлик даражаси юқори бўлганлиги сабабли гуруҳли машғулотларга қатнай олмасди, энди уларда хотиржам иштирок этаяпти.  Яна бир бола уйда таҳсил олиш шакли билан оммавий мактаб дастури бўйича ўқишни бошлади. Болаларнинг  30 фоизида янги вазиятларга хавотир билан қараш пасайди. Уларнинг аксариятида ўйинчоқларга аввал кузатилмаган қизиқиш пайдо бўлди. 
— Тадбир давомида тиббиёт мутахассислари учун болаларда мия фаолиятининг ишлаш тартиби бўйича маҳорат дарслари ўтаман, — дейди  грециялик тиббиёт фанлари доктори, психиатр Димитриос Николас Сакеллион. — Мен Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида яратилган барча шарт-шароитни ўз кўзим билан кўрдим ва бундан ҳайратландим. Ҳаммаси ажойиб. Ўзбекистонда мазкур масалага комплекс ёндашилаётгани болалар саломатлигини муҳофазалаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Конференцияда аутизм аломатларини аниқлаш ҳамда уни бартараф этишда коррекцион-даволашнинг инновацион услубларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари, бунда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бурчга содиқлик аҳди Янги дам олиш маркази »