Бурчга содиқлик аҳди
  • 26 Март 2015

Бурчга содиқлик аҳди

Аскарлик даврининг бир умр ёдда қоладиган шукуҳли онлари кўп бўлади.

Улардан энг ҳаяжонлиси, шубҳасиз, хизмат бурчини ўташга киришиш вақтида эл-юрт, Ватан олдида ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимидир.
Тошкент ҳарбий округи қўшинларида ўтказилган ана шундай тадбир ҳам унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маросимда сўз олганлар мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, тинч ҳамда осуда ҳаётимизни ишончли ҳимоя қилишда замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминланган, юксак тайёргарликка эга Қуролли Кучларимиз беқиёс ўрин тутаётганини алоҳида таъкидладилар.
Сафда турган бири-биридан ўктам, норғул йигитларнинг юз-кўзларида қатъият, садоқат туйғулари акс этган. Уларга боқиб, бугун миллий армиямизда хизмат қилиш нафақат бурч, балки том маънода шон-шараф ишига айланганини яна бир карра ҳис қиласан киши.
— Эр йигит ҳарбий қасамёдига умрбод содиқ қолади, — дейди оддий аскар Аҳмаджон Самадов. — Бугун мана шу майдонда туриб, Ватан олдидаги масъулиятимиз нақадар юксак эканини теранроқ англадик. Гўзал юртимизни, унинг сарҳадларини, халқимиз осойишта ҳаётини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга тантанали равишда аҳд қилдик. Бу менга муддатли ҳарбий хизмат даврида ҳам, ундан кейин ҳам катта куч ва ирода бағишлайди.
Айтиш жоизки, тадбир доирасида ота-оналар ҳарбий қисмларда аскарларнинг билими, жисмоний ва интеллектуал қобилиятини ошириш мақсадида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Бу уларда катта таассурот қолдирди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn