Баркамол авлод тарбияси
  • 26 Март 2015

Баркамол авлод тарбияси

таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир

Пойтахтимизда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Биз 12 йиллик мажбурий таълим тарафдоримиз!” мавзуидаги ҳафталикнинг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Бош прокуратура ва Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур тадбирда ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидландики, мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берувчи 12 йиллик узлуксиз мажбурий таълим тизими жорий қилинди. Энг муҳими, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўғил-қизларимизнинг сифатли билим олиши, зарур касб-ҳунар сирларини эгаллашлари учун барча қулайлик яратилди. Бошқача айтганда, баркамол авлодни вояга етказиш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор мақсадларидан бирига айланган.
Ҳозир юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Уларни ҳеч кимдан кам қилмай камол топтириш, Ватанга муҳаббат, миллий анъана ҳамда қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, четдан кириб келаётган ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини янада кучайтириш юзасидан қатор ишлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Республикамизнинг барча умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилган “Биз 12 йиллик мажбурий таълим тарафдоримиз!” мавзуидаги ҳафталик доирасида уюштирилган давра суҳбатлари, учрашувлар ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу тадбирлар давомида ёшларни маънавий комил инсонлар этиб тарбиялаш, умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчиларини, айниқса, қизларни академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, эрта турмуш қуришнинг тиббий, маънавий, иқтисодий, ижтимоий асоратлари ҳақида суҳбатлар ҳам ўтказилди.
Таълим муассасаларида олиб борилган мулоқотларга 1 миллион 280 минг нафардан ортиқ ўғил-қизлар жалб этилди. Шунингдек, ота-оналар, маҳалла фаоллари ўқувчиларнинг иқтидори, таълим-тарбиясидаги ютуқларини бевосита кузатиб боришди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn