Ватанга муҳаббат ва садоқат
  • 25 Март 2015

Ватанга муҳаббат ва садоқат

туйғуси ёшларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда мамлакатимизнинг барча жойларида Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида ташкил этилган ана шундай тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, аскарларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар -туфайли мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ҳамда стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган миллий армиямиз шаклланди. Қуролли Кучларимизни ташкил қилиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди, унинг сафини тўлдириш такомиллаштирилди. Муддатли ҳарбий хизматнинг бир йил этиб белгилангани, қўшинларда шартнома асосида хизмат қилаётган сержантлар -таркибининг сезиларли даражада кенгайгани армиямизнинг қиёфасини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан ўзгартирди.
Қуролли Кучларимиз нафақат халқимиз тинчлиги-осойишталигининг ишончли ҳимоячиси, балки ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни, ватанпарварлик, фидойилик, садоқат каби фазилатларни шакллантирадиган ўзига хос мактабга айланди. Миллий армиямиз сафида хизмат қилган йигитлар жисмонан соғлом, бақувват, юксак интеллектуал салоҳият эгалари бўлиб етишмоқда.
— Ўғлим Фаррухжон болалигиданоқ ҳарбий бўлишни орзу қиларди, — дейди тантанали маросимга Тошкент шаҳридан келган Гулчеҳра Каримова. — Коллежда аъло баҳоларга ўқиди, қолаверса, спорт билан мунтазам шуғулланди. Айни мана шу икки жиҳат унинг белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга муносиб, деб топилишида муҳим аҳамият касб этди.
Ҳарбий қасамёд қабул қилишга бағишланган тадбирдан сўнг ўғлим билан дилдан суҳбатлашдик. Ҳарбий қисмдаги шарт-шароитлар, ҳатто, аскарларнинг ошхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Таомларнинг мазали, тўйимлилигини айтмайсизми?! Кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, хушкайфиятда уйимизга қайтаяпмиз. Йигитларга муваффақият тилаймиз.
— Яқиндагина тиббий кўрик, тест синовларидан ўтиб, ҳаёт мактаби сари отланган эдик, — дейди оддий аскар Фаррух Дўстмуродов. — Қисқа фурсатда муддатли ҳарбий хизмат, унинг зиммамиздаги масъулияти ҳақида тасаввурга эга бўлдик. Ана шу масъулиятни ҳис этган ҳолда, бугун барчанинг олдида ҳарбий қасамёд қабул қилдик. Энди шу сўзимизга содиқ қолиб, ишончни оқлаймиз.
Марказий ҳарбий округнинг тоғ дала-ўқув майдонларидан бирида, шунингдек, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимлари юксак савияда ўтказилди.
Эгнига ҳарбий либоси ярашиб турган алпқомат йигитларнинг аждодларимизга муносиб ворис бўлишга, шу муқаддас заминимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга аҳд қилганини кўрган ота-оналарнинг севинчдан кўзлари ёшга тўлди.
— Сафдаги йигитларнинг юз-кўзига бир назар солинг-а, — дейди Навоий вилоятининг Нурота туманидан тантанали тадбирда қатнашиш учун келган Нозигул Мирзаева. — Улардаги ишонч ва қатъиятни дарров сезасиз. Мана шундай фидойи, мард ўғлонларимиз бизнинг ғуруримиз, таянчимиздир. Ўғлим Бобуржонни ҳарбийлар қаторида кўриб, дилдан фахрландим. Насиб қилса, у муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб, келажакда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади.
Тантанали маросимларда иштирок этганларнинг ҳар бири ана шундай эзгу ниятлар билдирди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn