Аскарлар қасамёд қабул қилди
  • 24 Март 2015

Аскарлар қасамёд қабул қилди

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” 2014 йил 26 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, яқиндагина бир гуруҳ йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилган эди.

Аскарлик либосини кийиб, бошланғич ҳарбий ҳамда умумқўшин тайёргарлик машғулотларида армия ҳақида муайян тасаввурга эга бўлган, зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ана шу мард ва жасур ўғлонларимиз куни кеча ҳарбий қасамёд қабул қилдилар.
Шу муносабат билан жойларда ўтказилган тантанали маросимларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Тадбирларда истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида профессионал асосдаги миллий армиямиз шакллангани, Қуролли Кучларимиз Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимиз тинч-осойишта ҳаётининг ишончли кафолатига айлангани алоҳида қайд этилди.
Пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” ҳайкали олдида ташкил қилинган маросим ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
Айтиш жоизки, ушбу монумент юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга бел боғлаган фидойи ўғлонларимиз шарафига қўйилган обидадир. Бу мажмуада халқимизнинг муносиб ўғлони давлатимизнинг бетакрор тимсоли бўлмиш байроғимизни кўзига тўтиё қилиб, Ватан ҳимояси учун, ота-боболаримиз хоки ётган қутлуғ заминнинг ҳар қарич тупроғини асраш учун тайёрман, деб тиз чўкиб қасамёд қилаётгани тасвирланган. Ана шу мард ва жасур фарзандга оқ сут берган, бағрида кўтариб вояга етказган, Ватан тимсоли бўлган мунис ва мўътабар она бамисоли ўз қўрғони олдида туриб, ҳарбий хизматга отланган жондан азиз боласига оқ фотиҳа бериб, унга оқ йўл тиламоқда.
Ўзида чуқур ҳаётий фалсафани, теран маъно-мазмунни ифода этган мазкур мажмуа ҳар бир юртдошимизни муқаддас мақсад сари чорлаб туради, мамлакатимиз равнақига, тақдирига дахлдор бўлишга ундайди.
— Бугун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири, — дейди пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Бахтиёр Маткомилов. — Чунки мана шундай улуғвор монумент олдида ҳарбий қасамёд қабул қилиш катта шараф, айни пайтда улкан масъулиятдир. Аҳдимда қатъий туриб, жонажон юртимизга сидқидилдан хизмат қиламан, ўзимга билдирилган ишончни, албатта, оқлайман.
Маълумки, ориятни, ғурур ва садоқатни ҳамма нарсадан устун қўядиган бизнинг халқимиз учун ҳарбий қасамёд — бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ору номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчини адо этишга бел боғлаб, аҳду паймон қилиш маросимидир.
Шимоли-ўарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда бўлиб ўтган маросимда ҳам шу жиҳатлар хусусида сўз борди.
— Ўғлим Давлатжоннинг бир гуруҳ сафдошлари қаторида ҳарбий қасамёд қабул қилганини кўриб, беҳад қувондим, — дейди Жиззах вилоятидан ташриф буюрган Ҳақназар Алимов. — Ўз навбатида, командирларининг у ҳақда айтган илиқ фикрларидан қалбим ғурурга тўлди. Ота-она учун бундай кунларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Тадбир доирасида бизни аскарларга яратилган шароитлар билан ҳам таништиришди. Ҳаммаси ажойиб. Мана шундай имкониятлар учун давлатимиздан миннатдормиз...
Андижон вилоятининг Балиқчи туманида истиқомат қилувчи Усмонжон Рўзимов невараси Шаҳбозбекнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этиш учун оила аъзолари билан Бухорога келди.
— Наврўз байрамини кўҳна ва навқирон Бухорода кутиб олдик, — дейди отахон биз билан суҳбатда. — Шукр, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бунда Қуролли Кучларимизнинг алоҳида ўрни борлигини ҳаммамиз дилдан ҳис қилиб турамиз. Неварам Шаҳбозбекни яқинда армияга кузатгандик. Қаранг, бирпасда ўзгарибди. Кучига куч қўшилибди. Бағримга босиб, табрикладим, муваффақият тиладим. Ниятимиз — садоқат, фидойилик туйғулари ўғлонларимиз қалбини ҳеч қачон тарк этмасин, мамлакатимиздаги осойишталикка кўз тегмасин.
— Биз, ҳарбийлар “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!” деган улуғ каломни тилга олганимизда, вужудимизни қандайдир қудратли куч қамраб олади. Бу, албатта, Ватанимизга бўлган меҳримиз, муҳаббатимиз туфайлидир, — дейди ҳарбий қисм гуруҳ командири, “Шуҳрат” медали соҳиби Бобур Рўзматов. — Бугун жуда кўп йигитлар ана шундай ҳаяжонли онларни бошдан кечиришаяпти. Энг муҳими, улар мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, юртимиздаги лицей ва коллежларда замонавий таълим-тарбия олган ўғлонлардир. Ишончимиз комил, келгуси бир йил — муддатли ҳарбий хизмат даври аскарлар учун чинакам ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.

Шавкат ОРТИҚОВ,
Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Экобоғ Янада кўркам ва обод »