Соғлом фарзанд камоли
  • 25 Февраль 2014

Соғлом фарзанд камоли

мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини ифода этади

Фарзанд — оила қувончи, жамият таянчи. Унинг соғлом, илмли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки давлатимиз сиёсатининг эзгу мақсадларидан биридир.
Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ навқирон авлодга юксак эътибор ва беқиёс ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб аталиши замирида ҳам жондан азиз фарзандларимизни жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказишдек улуғ мақсад мужассам. Бинобарин, Президентимизнинг жорий йилнинг 19 февраль куни имзоланган “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги кенг миқёсдаги вазифалар, чора-тадбирлар, белгиланган улкан режаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини ўзида қамраб олганлиги билан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қарор хусусида турли соҳада хизмат қилаётган  юртдошларимиз таҳририятимизга мурожаат этиб, ўз муносабатларини, фикр ва мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Гулираъно УСМОНОВА,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг бош шифокори,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби:
— Мустақиллик шарофати билан юртимизда “Соғлом она — соғлом бола” Миллий дастурининг амалиётга жорий этилиши ўзининг юксак самараларини бермоқда. Хусусан, Президентимизнинг соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва болаларни ижтимоий-тиббий муҳофаза қилишга қаратилган Фармон ва қарорлари туфайли юртимизнинг деярли барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқ жойлардаги ҳомиладор аёллар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғлом наслни шакллантириш учун зарур поливитаминлар билан таъминланмоқда. Ўзбекистонда икки ёшгача бўлган ҳамма болалар бепул эмланмоқда. Бу, ўз навбатида, дифтерия, қоқшол, полиомиелит каби касалликларга бутунлай барҳам бериш имкониятини яратди.
14 ёшгача бўлган болаларнинг деярли 100 фоизи йилига икки марта, туғиш ёшидаги аёллар эса ҳар йили чуқур тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар янада кенг миқёс касб этиб, изчил давом этиши “Соғлом бола йили” Давлат дастурида алоҳида қайд этилганлиги қувонарлидир. Хусусан, ушбу ҳужжатда 2014 йилда соғлом фарзандлар туғилиши ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида кўп тармоқли болалар марказини қуриш ва уни юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Шунингдек, республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий марказининг қатор бўлинмалари, ТошПТИ клиникалари, 13 та вилоят кўп тармоқли болалар тиббий маркази, 62 та туман тиббиёт бирлашмаси ва бошқа тиббий ва тиббий-ижтимоий муассасалар қурилиши ҳамда тубдан таъмирланиши режалаштирилган. Бу эса келгусида дилбандларимизга  жаҳон андозалари даражасида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Умуман, дастурда белгиланган вазифалар  шу қадар кенг қамровлики, уларнинг ортида Президентимизнинг шу муқаддас Ватанда ўсиб-улғаяётган фарзандларга бўлган чексиз эъзоз ва ғамхўрлиги яққол ифодаланган. Бу билан, аввало, эл-юрт саломатлигини асраб-авайлаш, оилаларнинг маънавий бутунлиги, шу билан бирга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга устувор аҳамият берилган.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оғушида эканлигини, уларнинг эзгу орзулари ушалиши учун мустаҳкам пойдевор қўйилганлигини англатади.

Осиёхон КАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси:
— Давлат тараққиётида малакали кадр, юксак заковатли мутахассисларнинг ўрни беқиёс. Шу боис мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, баркамол авлодни муносиб тарбиялаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди. Бу эса, ўз ўрнида, таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам таълим тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилгани барчамизга ўзгача хушнудлик бағишлайди.
Масалан, унда бошланғич синфларда ўқитиш сифатини янада яхшилаш мақсадида 1 — 4 синф ўқувчилари учун ўқув дастурлари ва дарсликларнинг қайта кўриб чиқилиши, шунингдек, ўқитувчилар учун тегишли услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиши назарда тутилганлиги, 2014/2015 ўқув йилида 2,6 миллион ўқувчи 575 номдаги 25 миллион нусха дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланиши, “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасининг амалга оширилиши белгилангани, ишончим комилки, пировардида болаларимизнинг интеллектуал ривожланишига янада кучли туртки беради.
Кўп йиллик тажрибага эга ўқитувчи сифатида яхши биламанки, ҳеч қачон бошланғич синф ўқувчиларини қўллаб-қувватлашга бугунгидек эътибор қаратилмаган. Бундай ғамхўрлик Давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топганлиги, жумладан, жорий йилда 500 мингдан ортиқ 2-синф ўқувчиларига чет тиллар бўйича мультимедиали иловали дарсликлар бепул берилиши катта олижаноблик, ғамхўрлик ва эъзоз, десам, айни ҳақиқат. 
Ушбу Дастур айни пайтда жамиятда ўқитувчилик касбининг нуфузига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, ёш авлоднинг истиқлол ғоялари асосида тарбияланиб, улуғ аждодларимизга муносиб тарзда вояга етишлари, энг аввало, ўқитувчи бераётган сабоқ, унинг изланиш ва интилишига ҳам бевосита боғлиқ. Жонкуяр, билимдон, юксак ақл-заковатли мутахассислар эса соҳа ривожига улкан ҳисса қўшишлари турган гап. Шунга кўра, энди ўқитувчилар ўз қобилиятларини тўла ишга солиб, касбий маҳоратларини янада такомиллаштирадилар. Бунинг учун барча имкониятлар бор, шароитлар етарли.

Ботир ТОШЕВ,
Қизилтепа туманидаги “Қурилиш таъминотчи” МЧЖ раҳбари:
— Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисми истиқомат қилаётган қишлоқ жойларни янада обод қилиш, одамларнинг турмуш даражасини юксалтириш ва ҳаёт тарзини тубдан яхшилашга қаратилган ислоҳотлар бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу ҳақда гапирганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар қурилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. 
Қишлоқ аҳолисини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш масаласи “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам қамраб олинган. Унга кўра, 2014 йил давомида намунавий лойиҳалар асосида 11 мингта якка тартибдаги уй қурилиши белгиланган.
Корхонамиз жамоаси ҳам тураржойлар қурилишида фаол қатнашиб, халқимиз қувончига қувонч қўшмоқда. Зеро, республикамизда қурилиш материаллари индустрияси йил сайин ривожланиб, ҳар йили кўплаб янги заводлар ишга туширилаяпти.
Ўзимиздан қиёс. Корхонамизда бунёдкорлик ишларини бажариш билан бирга, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилган. Замонавий эшик-ромлар, темир-бетон маҳсулотлари шулар жумласидан. Бу маҳсулотларни Навоийдан ташқари, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларига ҳам етказиб бераяпмиз.
Ўтган йили Қизилтепа туманида намунавий лойиҳа асосида 30 та ҳовли-жойни сифатли қуриб, эгаларига топширган бўлсак, айни пайтда яна шунча тураржойни барпо этиш ишларига киришдик.
Бугун қўйилаётган ҳар бир ғишт, барча бунёдкорликлар, халқимиз, фарзандларимиз келажаги, уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун. Бу эзгу ишларга ҳар бир фуқаро, ҳар бир қурилиш ташкилоти масъулият билан ёндашиб, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Ана шунда қишлоқларимизда қад ростлаётган замонавий, шинам уй-жойлар бунёдкор халқимизга фахр-ифтихор бағишлаши билан бирга, ўғил-қизларимизга, авлодларимизга узоқ йиллар хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбирлари
М. ЖОНИХОНОВ,
С. РАҲМОНОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn