Экобоғ
  • 23 Март 2015

Экобоғ

ёхуд боғдорчиликка янгича назар

Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизга хос фазилатлардан бири саналади. Жорий йилда ҳам маҳаллалар,шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишлари асносида мевали ҳамда манзарали дарахт ниҳоллари, анвойи гуллар ўтқазилмоқда. Бунда “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Маълумки, экологик ҳолатнинг бир меъёрда бўлишини таъминлашда ўсимлик оламининг ўрни беқиёс. Чунки у ҳаво, тупроқ ва сувни чанг, ис гази сингари чиқиндилардан тозалаб, борлиқни кислород билан тўлдириб турадиган табиий лабораториядир. Ўзбекистон экологик ҳаракати мамлакатимизда яшил майдонлар ҳудудини кенгайтириш, ташландиқ ерларни обод қилиб, экобоғлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаётганининг боиси ҳам ана шунда.  
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, юртимизда экобоғ яратиш ҳаракати дастлаб 2009 йилда “Кўчат эк ва парвариш қил” шиори остида Сирдарё вилоятида бошланган эди. Ушбу эзгу ташаббус кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ана шундай боғлар барпо этилди.
Бугунги кунда республикамизда ташкил қилинган экобоғлар сони 19 тага, уларнинг умумий майдони эса қарийб 88 гектарга етди. Ушбу мўъжаз боғларда 31000 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, шунингдек, турфа гуллар экилган. Бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирок этаётгани уларнинг экологик ҳамда эстетик маданияти юксалиб бораётганидан далолат беради.
Соғлом бола йилида Тошкент шаҳрида ўтказилган экоҳашар эса мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ундан кўзланган мақсад ҳам ёш авлодни она-табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб этиш, узлуксиз экологик таълим-тарбия тизимига кўмаклашиш, қолаверса, пойтахтимиз озодалиги ва ободлигига муносиб ҳисса қўшишдан иборат эди. Тадбир давомида бунга эришилди, десак, муболаға бўлмайди. 
Гап шундаки, ушбу хайрли акция доирасида дастлаб иштирокчиларга атроф-муҳит мусаффолиги, инсонлар саломатлигини асрашда яшил ҳудудларнинг роли, дарахт экиш ва уни парваришлашнинг қоидалари, соғлом турмуш тарзи хусусида атрофлича тушунтириш берилди. Сўнгра ҳашарчилар томонидан Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳовлисидаги дарахтларга шакл берилиб, уларнинг танаси оқланди. Ҳудуд ва ариқлар тозаланиб, йиғилган чиқиндилар олиб кетилди.
Янги экобоғларни жорий йилда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида яратиш кўзда тутилган. Бунинг учун зарур ташкилий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳашар йўли билан барпо этиладиган бу боғлар юртимиз кўркига кўрк қўшиши, экилган ҳар бир ниҳол улкан дарахтга айланиб, жазирама иссиқда соя-салқини, пишиқчиликда ширин-шакар мевалари билан халқимизни баҳраманд этиши, шубҳасиз. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитларини яхшилаш, ёш авлодга қулай ижтимоий, иқтисодий ва экологик муҳит яратишдан иборатдир. 

Эркин ОМОНОВ,
Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизмати раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn