Ишончимиз, фахримиз, ғуруримиз
  • 25 Февраль 2014

Ишончимиз, фахримиз, ғуруримиз

Айни кунларда юртимиздаги жуда кўп хонадонларда ўзига хос хурсандчилик ҳукмрон. Гап шундаки, бундан бир йил муқаддам катта орзу-умидлар, эзгу тилаклар билан фарзандларини муддатли ҳарбий хизматга кузатган ота-оналар бугун кўксилари тоғдек юксалиб, уларни яна шоду хуррамликда қарши олмоқда.

Халқимиз мана шундай қувончли дамларни маҳалла-кўй, дўсту биродарлар билан биргаликда, файзли дастурхон атрофида нишонлашни одат қилган. Шу боис ҳам бундай кунларда армиядан қайтган йигитлар уйидан меҳмон аримайди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтаётган ўғлонларни тантанали кутиб олиш маросимлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин давом этаяпти. Жумладан, ана шундай тадбирлардан бири Тошкент темир йўл вокзалида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ота-оналар қатнашди.
Маросимда Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида сўз юритилди. Аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилгани таъкидланди.
— Аскар бўлиш йигитнинг умр йўлидаги энг муҳим босқич ҳисобланади, — дейди Юнусобод туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилиб, бурчини ўтаб қайтган Иззатилла Шермуҳаммедов. — Бунга мен ҳаётимда гувоҳ бўлдим. Ўтган бир йил давомида фикрларим, дунёқарашим анча кенгайди. Тартиб-интизомга қатъий риоя этишга, вақтни қадрлашга ўргандим. Ҳарбий тайёргарлик машғулотларидан сўнг, имкон қадар китоб мутолаа қилиб, билимимни мустаҳкамлашга интилдим. Мақсадим — Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртига кириб ўқиш, келгусида юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида астойдил хизмат қилиш.
— Ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири ушалди, — дейди йигитлик бурчини муваффақиятли ўтаб, резервга бўшатилганлардан яна бири, Яккасарой туманилик Муҳитдин Абдукаримов. — Аскар деган шарафли номга муяссар бўлдим. Муддатли ҳарбий хизмат даврида жуда кўп нарса ўргандим. Нафақат жисмоний, балки маънавий дунёқарашим ҳам ўсди. Ниятим — олий ўқув юртига кириб, тегишли мутахассисликка эга бўлиш. Муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаганим учун ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан бериладиган тавсияномани олдим. Эндиликда тест синовларида белгиланган имтиёздан фойдаланишим мумкин.
Дарҳақиқат, миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейинги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий этилган.
Кутиб олиш маросими якунида тадбир иштирокчилари муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларнинг барчасига келгуси ишларида омад ёр бўлишини тилашди.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Баҳром АБДУРАҲИМОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тасвирий тарғибот Соғлом фарзанд камоли »