Фаровон кунлар шукуҳи
  • 20 Март 2015

Фаровон кунлар шукуҳи

Анчадан буён онамни сиҳатгоҳга ётқизиб, бир йўла тиббий кўрикдан ўтказишни ҳам ният қилиб юргандим. Қарангки, қишлоқдан у кишининг ўзлари қўнғироқ қилиб қолдилар:

— Болам, сиҳатгоҳга борадиган бўлдим!

—  Қайси бирига?

— Айтсам, ҳайрон қоласан. Уйимизга маҳалламиз фаоллари  келиб, сиздек пири бадавлат кексаларимиз учун санаторийга йўлланма бераяпмиз, бориб дам олиб келасиз, дея рўйхатга олиб кетишди, — дедилар онам тўлқинланиб. — Барака топишсин, биз, кексаларга эътибор кўрсатиб, ҳол-аҳвол сўрашаяпти. Келганлар — маҳалла вакиллари, -шифокорлар, ўқитувчилар — бариси элнинг олдида юрган одамлар. Суюниб, невараларимга мақтаниб ўтирибман!

Халқимиз “Яхши хабарнинг қаноти бор”, деб бежиз айтмайди. Зотан,  “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида бошланган бу хайрли ишлар бир зумда бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Аслида-ку, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатиш, уларга ғамхўрлик қилиш — халқимизга хос хислат. Бироқ бу ишларнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани одамларимизга бардамлик ато этди. 

Дастур билан танишиб, шу нарсага амин бўлдикки, унда азалий қадриятларимиз, оила ва жамиятда ёши улуғ инсонларнинг ўрни ҳамда обрўсини орттириш, болалар ва ёшларни ота-оналар, ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ҳамда уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича аниқ тадбирлар белгиланган. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишни истардикки, илгари нафақат кексалар, ҳатто давлат идорасида ишлаётганлар учун ҳам сиҳатгоҳга йўлланма топиш амримаҳол эди. Ойлаб, йиллаб навбат кутиларди. Тиббий кўрик, профилактик тадбирлар ҳақида-ку гапирмасаям бўлади. Одамлар оддийгина касалликка даво истаб вилоят марказига, пойтахтга чопишарди. Бундай маҳалда кексаларнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Юртимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсат оворагарчиликка барҳам берди. -Инсон омили устувор мақсадга айланди. Қаранг, мазкур ҳужжатда фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, таянч-ҳаракат тизими ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланишни кенгайтириш каби кўламли вазифаларнинг бажарилиши кўрсатиб ўтилган. Бундай инсонпарвар амалларнинг кундалик турмушимизда одатий ҳолга айланиб бораётганлиги нурли, фараҳбахш кунларга етганимизнинг нишонаси эмасми?!

Ёши улуғларимиз оддийгина “Сиздан бир хабар олай дедим”, деган гапимизга қанчалар суюниб, дуо қиладилар?!  Шу маънода, бутун юрт миқёсида амалга оширилаётган савобли ишларнинг ҳосиласи ҳақида бир ўйлаб кўринг-а! Қанчадан-қанча отахону онахонларимизнинг кўнгиллари тоғдай кўтарилди! Сизу бизнинг иқболимиз учун умр бўйи тер тўккан, барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она-юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини ҳам умр бўйи елкасида кўтариб келган кексаларимизнинг кўзлари севинчга, қалблари ғурурга тўлди. 

Бундай эътибор ва эъзоздан руҳланиб, биринчи устозимизга қўнғироқ қилдик. 

—Раҳмат, — дейди саксон олти ёшга кирган меҳнат фахрийси Тўхтасин ота Юсупов. — Қаранг, бугун дунёда қандай ғалати ишлар бўлаяпти. Қанча мамлакатлар олов комида қолиб, халқи саросимада кун кечирмоқда. У ерларда нафақат бир-бирларига меҳр-муҳаббат кўрсатиш, одамга ўхшаб яшаш ҳам муаммо бўлиб қолган. Шуларни кўриб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, тотувликка кўз тегмасин, дейсан беихтиёр. Аслида бугунги хайрли ташаббуслар ҳам шунинг меваси. Ҳар бир кунимиз файзли ва мазмунли ўтмоқда. Истиқлолни кўриш, унинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган имтиёзларидан фойдаланиш насиб этди. Беадад шукр! Юртимиздаги файзу тароват, гўзаллик боқий бўлсин!

Устозимизнинг эзгу тилакларига биз ҳам қўшилдик. 

 

Исажон СУЛТОН.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn