Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни Наврўз билан қутламоқда
  • 20 Март 2015

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни Наврўз билан қутламоқда

Ўлкамизда кўҳна ва боқий, баҳор ҳамда янгиланиш, тинч-тотувлик ва уйғунлик шодиёнаси — Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрибди. Айтиш жоизки, жорий йилги айём муҳитида ўзгача руҳ, ўзгача кўтаринкилик уфурмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги бўлажак муҳим сиёсий тадбир — мамлакатимиз Президенти сайлови арафасидаги уюшқоқлиги ҳамда уларнинг сайловда фаол қатнашишга чоғланишида ҳам яққол намоён бўлаётир.

Айни кунларда ушбу баҳор байрами муносабати билан нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, эксперт ва ишбилармон доиралари вакиллари номидан ўзбек халқига йўлланган кўплаб қутловлар келиши давом этмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистонда бўлажак сайлов жараёнлари мониторингини амалга оширадиган халқаро кузатувчилар ҳам халқимизни Наврўзи олам билан самимий табриклаяпти. Тарихан муҳим аҳамиятга эга бу икки воқеа арафасида билдирилаётган самимий қутловлар ҳамда илиқ сўзлар ҳам юртимизда танлаб олинган ривожланиш йўлининг тўғрилигини яна бир карра тасдиқлаши баробарида, эртанги кунимизга, жонажон ўлкамизнинг тинчлик-хотиржамлик ва ўзаро иноқликда янада гуллаб-яшнашига жаҳон ҳамжамиятининг ишончи кун сайин ортиб бораётганини кўрсатади.

Хусусан, қуйида Наврўз байрами муносабати билан халқимизга билдирилган ана шундай самимий тилаклар ўз ифодасини топган.

 

ЕХҲТ бош котиби Ламберто ЗАННЬЕР:

— Тобора яқинлашиб келаётган Наврўзи олам билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳамда ташкилотимизнинг барча ходимлари номидан шарқона янги йил арафасида Ўзбекистон халқини чин юракдан табриклаб, ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этишни истардим.

Мана, уч минг йил давомида одамлар бу ажойиб байрамни нишонлаб келади, чунки баҳор умид ва ишонч фаслидир. Биз кун тартибимизда турган масалаларни муҳокама қилиш учун ушбу янги мавсум берадиган барча имкониятлардан фойдаланамиз.

Наврўз мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, эзгулик ва ўзаро ҳурмат дунёда тинчлик-фаровонликнинг мустаҳкамланиши ҳамда мукаммал дунё барпо этилишининг асоси ҳисобланишини ёдимизга солади. Бу Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мақсадларига ҳам мувофиқдир.

Байрам муносабати билан Ўзбекистон аҳлига ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман.

 

Сулаймон Жасир Ал-ХЕРБИШ, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси бош директори:

— Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини серқуёш ўлкангизда кенг нишонланадиган Наврўз айёми билан қутлашни истардим. Наврўзнинг байрамона шукуҳи мамлакатда давлат раҳбари сайлови билан уйғунлашиб кетишига ишончим комил. Олдинда турган сайлов муваффақиятли ўтишига тилакдошман.

Халқаро майдондаги замонавий тамойилларни ҳисобга оладиган бўлсак, юртингизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётнинг глобал ҳамжамият учун жуда муҳим аҳамиятга эга эканлиги аён бўлади.

Мен Ўзбекистонни ўзимнинг иккинчи Ватаним деб биламан. Мамлакатингизга сафарим -чоғида Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларининг гўзаллигидан, уларнинг бағридаги маҳобатли ёдгорликлар ва диққатга сазовор маданий масканлардан катта таассурот олдим. Шу билан бирга, юртингиз аҳолиси ҳамда раҳбарияти бу қўҳна заминдаги бой маънавий ва моддий меросни авайлаб асраётганига ҳам гувоҳ бўлдим.

ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон билан ҳамкорликка устувор даражада эътибор қаратади. Ҳозир битта лойиҳамиз муваффақиятли якун топди. Яна учта йирик лойиҳани амалга ошириш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Бизнинг ўзаро самарали муносабатларимиз бундан-да равнақ топишига ишонаман. Ўз навбатида, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон билан икки томонлама -манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга тайёр эканини билдиришдан бахтиёрман.

 

Сильви МОТАР, БМТ Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП) Европа минтақавий идораси директорининг ўринбосари:

— Яқинлашиб келаётган Наврўз айёми муносабати билан Ўзбекистон халқига улкан -муваффақиятлар ва фаровонлик тилайман.

Ўзбекистонда шу йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови давлат ҳаётидаги -муҳим тарихий воқеа ҳисобланади. Ташкилотимиз БМТ тизимининг бир қисми сифатида республикада амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар самарадорлигини алоҳида эътироф этади.

Биз нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссия сингари минтақавий тузилмалар фаолиятидаги салмоқли ҳиссасини ҳам юқори баҳолаймиз. Ўз томонимиздан биз бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг халқаро саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

 

Майкл БЕРД, Британия Кенгашининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори (Буюк Британия):

— Кун ва туннинг баҳорий тенг кунлиги санаси — анъанавий Наврўз байрами олдидан Ўзбекистон аҳолисини қутлашдан, уларга каттадан-катта муваффақиятлар ва фаровонлик тилашдан мамнунман.

Мен ҳар сафар мамлакатингизга зўр иштиёқ ва завқ-шавқ билан келаман. Ёш ва жадал равнақ топиб бораётган давлат ҳисобланадиган Ўзбекистон таълим соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Бу борадаги изчил ислоҳотлар, жумладан, яқиндан бошлаб мактабларнинг биринчи синфида инглиз тилини ўқитишнинг йўлга қўйилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон — биз учун ишончли, вақт синовидан ўтган шерик. Биз унга тўла ишонамиз.

Британия Кенгаши Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётганига салкам 20 йил бўлди. Мамлакатда иш олиб бораётган бошқа халқаро ташкилотлар сингари биз ҳам ўз фаолиятимизни ўзаро ишонч асосига қурдик, республиканинг расмий тизимлари ва таълим муассасалари билан конструктив алоқаларни ўрнатдик.

 

Шандор ЛЕЖАК, Венгрия Миллий Ассамблеяси (Парламенти) вице-спикери:

— Барча ўзбекистонликларни яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан табриклайман.

Бугунги кунда Венгрия ҳамда Ўзбекистон ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар изчиллик билан ўсиб бормоқда. Алоқаларимизнинг тарихий илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Венгер ва ўзбек халқларини маънавий сарчашмаларга, ўз тарихи ҳамда меросини асраш ва ривожлантиришга содиқлиги ўзаро боғлаб туради.

Мамлакатингизда бўлажак Президент сайловининг муваффақиятли ўтишини тилайман. Ишончим комилки, мазкур сайлов натижалари Ўзбекистондаги давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳасида янада ривожланишга эришилишига кўмаклашади.

 

Ришард КАЛИШ, Польша Республикаси Сеймининг (Парламенти) Адлия ва инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси:

— Баҳор ва уйғониш шодиёнаси, шарқона янги йил тимсоли бўлмиш Наврўз байрами билан Ўзбекистон халқини муборакбод этар эканман, бундан ҳам зиёд фаровонлик ва гуллаб-яшнашни тилайман.

Бугун, мамлакат ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — 29 март куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови арафасида, ушбу сайловолди кампанияси ва сайловнинг барча жараёни ўзбек жамиятини янада ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш истиқболларига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиш учун имкон беражагига ишончим комил эканлигини билдиришни истардим. Давлат раҳбари лавозимига сайловларнинг очиқ, ошкора ва демократия тамойиллари асосида ўтишига ҳам аминман. Ушбу тадбир муваффақиятли якунланишига тилакдошман.

Ўзбекистон — Польша ўртасидаги алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Икки томонлама манфаатли муносабатларнинг янада мустаҳкамланаётгани ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиб бораётгани халқларимизнинг бундан-да яқинлашишига кўмаклашмоқда.

 

Жаъфар СИДДИҚ, Индонезия парламентининг собиқ аъзоси, ёзувчи:

— Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклар эканман, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини барпо этишда янгидан-янги муваффақиятлар тилайман.

Бу байрам ўзбек халқи ҳаётида муҳим ўрин тутади. Наврўз кўҳна тарих ҳамда қадимий урф-одатларга юксак ҳурматдан далолатдир.

Ўзбекистонда ушбу байрамнинг нишонланиши анъанаси давлат мустақиллиги йилларида қайта тикланди. У ёш авлодни ноёб ва кўҳна анъаналар билан фахрланиш, ўз юрти ва -халқига содиқ бўлиш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда улкан аҳамиятга эгадир.

 

Чжао ХУАШЕН, Фудань университети ҳузуридаги (ХХР) Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқоти маркази директори:

— Юртингиз халқи кўҳна ва ҳамиша навқирон байрамни, баҳорий янгиланиш, тинчлик, ўзаро ҳурмат ва уйғунлик айёми — Наврўзи оламни нишонлаш арафасида турибди. Бу кун мустақил Ўзбекистон учун қадимий миллий анъаналарни қайта тиклаш, ўзининг илдизларига қайтиш ҳамда тарихий ўтмишни идрок этишнинг тимсоли бўлиб қолган.

Наврўз шодиёналари кунлари республикада оммавий сайиллар, халқ ўйинлари ва -мусобақалар, мусиқа ҳамда рақс дастурлари намойиши ташкил этилади. Кўчалар, уйлар ободонлаштирилиб, ўзгача тус олади, одамлар бир-бирларини қутлаб, ўз қувончларини баҳам кўришади.

Ишончим комилки, мамлакатда Наврўз айёмидан саккиз кун кейин бўладиган Президент сайлови байрам муҳити билан уйғунлашади, унинг натижалари эса Ўзбекистоннинг тараққийпарвар демократик давлат қуриш йўлидан янада илдам ҳаракатланишига хизмат -қилади.

Геральд УЙБЕРШЕР, “Reise Travel” (Германия) ахборот портали бош муҳаррири:

— Фасли баҳорнинг гўзал тантанаси — Наврўз байрами билан Ўзбекистон халқини -қутлаш менга улкан мамнуният бағишлайди.

Шуниси ҳам қувонарлики, Ўзбекистон бу айёмни тинчлик-ҳамжиҳатликда, мамлакат ҳаётининг барча йўналишларида эътиборга молик муваффақиятларга эришилгани шароитида кутиб олмоқда.

Мазкур байрам инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритилган, 21 март эса БМТ томонидан “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинган. Булар инсонпарварлик, тинчликни асраш, бирдамлик ва яхши қўшничилик ғоялари илгари сурилишида Наврўзнинг аҳамияти халқаро ҳамжамият -томонидан эътироф этилганидан далолат беради.

“Reise Travel” таҳририяти жамоаси ва ўз номимдан барча ўзбекистонликларни катта аҳамиятга эга бўлган ушбу анъанавий айём билан табриклайман. Шуни ҳам қайд этишни -истардимки, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида ўзбек шерикларимиз билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнунмиз.

 

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn