Меҳр-оқибатдан мунаввар диллар
  • 19 Март 2015

Меҳр-оқибатдан мунаввар диллар

“Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди Тошкент вилояти -ваколатхонаси томонидан Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан хайрия тадбири ўтказилди.

Унга ижтимоий кўмакка муҳтож ёлғиз қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар  таклиф қилинди. “Меҳр-мурувват — миллий фазилатимиз!” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбир доирасида маҳаллалар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ёрдами билан ёлғиз қариялар хонадонлари таъмирланиб, гул ва дарахт кўчатлари экилди. Озодалигу ободлик сабаб ҳар бир хонадонга баҳорий кайфият кириб келди.

— Инсон ҳамиша эртанинг умиди билан яшайди, — дейди тадбир иштирокчиси, -ангренлик Шарифа Абдухолиқова. — Эътибор ва ҳурмат эса дилларни тоғдек кўтаради. -Жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши ҳам биз, қарияларга кўрсатилаётган ғамхўрлик самарасидир. Бундан бениҳоя хурсандмиз. 

Шу куни Тошкент вилоятининг бир қатор туманларидан келган уч юз нафардан зиёд уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар ҳамда ногиронларга тадбир ташкилотчилари ва ҳомийлар томонидан совғалар топширилди. Шунингдек, 51 ногиронлар аравачаси, 10 та эшитиш мосламаси, ортопедик мосламалар, жами 135 та реабилитация воситаси, 20 нафар нуронийга мамлакатимиздаги дам олиш оромгоҳларига йўлланмалар берилди. Санъат усталари иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга хушнудлик бағишлади.

М. ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn